Сардобада денгиз контейнеридан модул боғча барпо этилди
Сирдарё вилояти Сардоба туманининг Қўйитош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сув тошқинидан зарар кўрган аҳоли фарзандлари учун 100 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотининг муқобил шакли – денгиз контейнерлари асосида модулли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Ташкилотнинг очилиш бағишланган тадбирида вилоят мактабгача таълим бошқармаси, туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари, маҳалла оқсоқоллари ҳамда болажонлар иштирок этди.


Болажонлар учун яратилган ушбу МТТдаги шарт-шароитлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.Мактабгача таълимнинг бу каби муқобил шакллари қисқа вақтда жорий этилишидан ташқари, камроқ харажат талаб қилиши билан ҳам ажралиб туради.
Уларнинг майдонини қўшимча блоклар ёрдамида осонгина катталаштириш ёки қисмларга ажратиб, янги жойга кўчириш мумкин.


Ушбу замонавий мактабгача таълим ташкилотида 3 та асосий гуруҳ хонаси, болалар ётоқ хонаси, тиббиёт хонаси, алоҳида спорт зали, ошхона, кичик футбол майдончаси ҳамда болалар ўйин майдони мавжуд.
“Нурли келажак” номли модулли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими томонидан ўйинчоқлар совға қилинди.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА