Мамлакатимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борада давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида тадбирлар, тушунтириш ишлари ўтказиб келинмоқда.
Оиладаги нотинчлик, ажримлар сабаб фақат эр-хотин азият чекмайди. Бундай ҳолатларда фарзандлар – эртамиз эгалари бўлган ёшлар камолоти ҳам сўроқ остида қолади.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам нафақат алимент қарздорликларини ундириш билан шуғулланмоқда, балки, ажрашган оилаларни яраштиришга ҳам кўмаклашмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси Сардоба туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг 06.08.2021 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор П.Бекмуродовдан (исми шарифи ўзгартирилган) ундирувчи Х.Усмонова фойдасига 3 нафар фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд эди.
– Ижро ҳужжати юзасидан бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилди ва қарздор суд қарори билан таништирилди, барча вужудга келувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилди, — дейди Бюронинг Сардоба туман бўлим бошлиғи Мансур Бекназаров. – Олиб борилган тушунтиришлар натижасида ушбу оиланинг ярашувига эришилди ва алимент тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати ундирувчининг аризасига биноан тамомланди.
Жорий йилда туман бўлими давлат ижрочилари томонидан 63 та оила қайта тикланди. Бундай хайрли ишлар болажонларнинг қувончига сабаб бўлмоқда.
Бу борадаги ишлар давом этади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА