Сардоба: шинам ва кўркам уйлар
Сардоба сув омборидаги тошқиндан талафот кўрган бир неча уй-жойларни таъмирлаш Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига қўйилган эди.
Сардоба сув омборидаги тошқиндан талафот кўрган бир неча уй-жойларни таъмирлаш Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига қўйилган эди. Ушбу аҳоли яшаш жойлари Оқолтин туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, бугун бу ерда қурилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Хусусан, техноген офат туфайли зарар кўрган 17 гектар майдондаги 128 та хонадонларни таъмирлаш учун вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан 34 миллион 687 минг сўмлик маблағ сарфланмоқда. Бугунги кунда 8 та қурилиш-пудратчи ташкилоти бунёдкорлик ишларида қатнашмоқда.
Ҳозир уйларнинг аксарият қисмида таъмирлаш юмушлари якунланяпти. Жумладан, 38 та уйда 90 фоиз таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 90 та уй тўлиқ таъмирлаб бўлинган, 85 та уй эса фойдаланишга топширилган. Бундай қурилиш ишларини кўриб, кишининг кўзи қувонади. Аҳоли яшаш пунктлари нафақат ўз ҳолига қайтмоқда, аксинча янгиланиб, тобора чирой очаётир.
Аммо уйларни таъмирлаш жараёнида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Масалан, хонадонларнинг ювиниш хоналаридаги деворлар тўлиқ тозаланиб, демонтаж қилинмасдан, кафел терилган. Бир қатор хоналарнинг ички оралиқ деворларига ўрнатилган эшиклар атрофи махсус кўпиклар билан тўлдирилмасдан, тахталар билан ёпилган.

Мутахассислар томонидан махсус текширувларда бу каби салбий ҳолатлар аниқланди. Самарқанд ва Тошкент вилояти қурилиш назорати инспекциялари, Тошкент вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “Назар ҳамкор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти пудратчи ташкилоти мутахассислари томонидан бундай камчиликларни бугунги кунда бартараф этишга киришилган. Уларни лойиҳада кўрсатилгани каби амалга ошириш ишлари олиб бориляпти.
Албатта, камчиликлар тузатилади. Барча ишлар ниҳоясига етказилади. Қурувчиларнинг шижоати, олиб борилаётган ишлар кўлами шундан далолатдир. Асосийси, бунинг учун ҳамма шароит ва имконият бор. Ёғин-сочинли кунларга қолмасдан, белгиланган пайтда уйларни эгаларига топширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, тикланаётган ҳудудда кўркам бинолар, таълим масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари тобора замонавий тус олмоқда. Оқолтинликларнинг ижтимоий яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида кўча ва объектларга кўплаб ёритиш чироқлари ўрнатилди. Эндиликда уларнинг азалий орзуси бўлган табиий газ ҳар бир хонадонга кириб боряпти. Амалга оширилаётган барча бунёдкорлик тадбирлари натижасида бу ерга ҳаёт яна қайтмоқда.
Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан мутасаддилар томонидан мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли учун қўй сўйилиб, ош дамланди. Оилаларга қорамол тарқатилди. Улар улуғ айёмни шинам уйларда кутиб олишди.