Саёҳат манзиллари
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги тоғлар бағрида жойлашган сўлим табиатли гўша – Сарчашма қишлоғи ва унинг ажойибу ғаройиб табиати, уста ҳунармандлари, самимий одамларию қадимий анъаналари ҳақида кўп ҳикоя қилганмиз. Сарчашма қишлоғига бу галги саёҳатимиз эса ҳудудда Македонский даврида экилган, қадимий ёнғоқ дарахти борлиги ҳақидаги маълумотлар бўлди.
Ўзи шундай. Ҳар сафар бу каби тоғли қишлоқларга борганимизда янгидан янги маълумотларни эшитамиз ва ўша манзилларни қайтадан кашф этамиз.
Шаҳрисабз туманида туризмни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар доирасида ҳудуддаги Ҳисорак, Ғилон, Сарчашма каби тоғли қишлоқларга элтувчи йўллар анчагина обод қилинмоқда. Шу боис манзилимизга қийинчиликларсиз, енгил машинада етиб бордик.
Бизга маҳалла хотин-қизлар фаоли Кучбека Суюнова ҳамроҳлик қилди. Ўша қадимий ёнғоқни излаб йўлга тушдик. Қишлоқнинг тик нишабликлардан иборат тошлоқ йўлида машинамиз чиқишга қийналиб қолгач, яёв юришга тўғри келди. Тобора юқорига қараб кўтарила бошладик. Уй-жойлар тугаб ёналарда барпо қилинган боғлар бизни қарши олди.
Ҳа айтганча, ўша қадимий ёнғоқ шу ерлик аҳоли ўртасида авлоддан авлодга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, Александр Македонский шу ўлкаларга бостириб келиб, ҳукмронлик қилган пайтларда экилган эмиш. Машойихларнинг ривоятларида ҳам кичик ҳақиқатлар ётади, деган ақидасига таянган ҳолда ўша ғаройиб ёнғоқни кўриш ҳисси бизни тобора у томон чорларди.
[gallery-23781]
Аслида Сарчашма қишлоғида ҳақиқатдан ҳам ёнғоқ дарахтлари бисёр. Қайси кўчадан ўтманг, улкан ёнғоқ дарахтларининг қаноти остидан юришга тўғри келади. Ҳатто кўчаларга қуёш нури тегмайди.
Мўъжазгина дала ҳовли олдида тўхтаймиз. У ерда бизни ўзини Шерали Юлдошев, деб таништирган фахрий педагог кутиб олди. Кундалардан ўзига хос дид билан ясалган курсиларга ўтириб бир пас дам олдик. Гиёҳлар қўшиб дамланган дармон чойдан ҳўпладик. Чарчоқлар тарқалди. Бу ёғига Шерали бобо йўл кўрсатиб кетадиган бўлди.
Йўлда давом этарканмиз Шерали бободан Сарчашма қишлоғининг пайдо бўлиш тарихига оид ғаройиб ривоятларни тингладик.
– Қадим замонларда бир чўпон шу ҳудудларда қўйларини ўтлатиб, ўтов қуриб фаолият юритган – дейди Шерали Юлдошев. – Кунлардан бир кун ўтовга қўйларни қайтариб келса, чалажон ётган бир қизга кўзи тушади. У оғир ярадор эди. Чўпон уни ўтовига олиб даволайди. Ниҳоят қиз тузалади. Чўпон йигит ўзбек, қиз эса тожик. Ноҳақ туҳмат қурбони бўлиб, шу куйга тушган экан. Бир-бирининг тилига тушунмасада, икки қалб бир-бирини жуда яхши англайди. Бора-бора иккиси турмуш қуриб, бола чақали бўлиб кетибди. Лекин биринчи учрашган жойини унутмабди. Ниҳоят шу жойга қайтиб келиб, янгидан ҳаёт бошлабди ва бу жойни “Дайиболо” яъни “Дехаи нави боло” (юқори янги қишлоқ) деб аташган. Шу-шу бу ерда қишлоқ пайдо бўлган. Бу XVI асрларга алоқадор гаплар. Мен ҳам ота-боболаримдан эшитганимни айтяпман.
Шерали бобонинг айтишича, Дайиболо Сарчашма қишлоғининг қадимий номи кейинчалик қишлоқ кенгайиб, бир неча бор оммавий кўчишлар ва яна қайтиб келишлар натижасида номи ҳам ўзгариб кетган.
Йўлда давом этарканмиз улкан ҳарсанг тошлар рўпарамиздан чиқди. Шу ерлик аҳоли катталиги уйдек келадиган бу иккита тошни Дайиболо тоши, Дайиболо дарвозаси ҳам деб аташади. Унинг остидан эса муздек булоқ суви сизиб чиқиб туради. Атрофи эса шифобахш гиёҳларга бой.
Ниҳоят олисдан ўша ғаройиб ёнғоқ дарахти кўринди. Олдига етиб бориш учун анчагина машаққат чекишимизга тўғри келди. Улкан дарахтнинг сояси ҳам улкан бўлади. Ўтириб бироз ҳордиқ чиқардик. Кўринишидан Македонский даврига алоқадор бўлмасада, ҳар ҳолда қадимий эканлиги сезилиб турибди. Метр топиб келиб энини ўлчашга уриндик. Нақд 8 метр.
Шерали бобонинг айтишича, бу ёнғоқ дарахтини Македонский эмас, балки юқорида ҳикоя қилиб берган чўпон эккан ва қишлоқдаги қадимий ёнғоқ дарахтларидан бири саналади. У қаровсиз қолиб кетган йилларда қуриш арафасига келиб қолган. Аммо қайта парваришдан кейин яна янги новдалар чиқара бошлаган.
Албатта ҳар бир манзил маконларнинг ўзига хос тарихи, шу жой билан боғлиқ аҳоли орасида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳикмату ривоятлари бор. Хаёлан қадимий Дайиболога қилган саёҳатимиз ҳам мана шундай таассуротларга бой бўлди.
Ёнғоқ дарахти танасидаги ёриқлар, ёниб кетган жойлари қанчадан қанча саргузаштларни сўзлаб бераётгандек гўё. Муҳаббатимиз рамзи бўлсин, дея экилган кўчатни ушлаб турган чўпон йигит бу ҳақда авлодларга сўзлаб берсин, деб остига сув қуяётган малоҳатли тожик қиз жилмайганча бизга боқиб тургандек бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XAT_x084rVM" title="Sarchashma haqida siz bilmagan rivoyatlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари