Сара уруғ – мўл ҳосил олиш гарови
Бухорода уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва дорилаш каби агротехник тадбирлар 3 та корхонада амалга оширилади.
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан пресс-тур ташкил этилди. Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими масъуллари, мустақил журналист ва блогерлар қатнашган тадбирда Ғиждувон тумани Позагари МФЙ ҳудудидаги "Бухоро агрокластер" МЧЖга қарашли “Бухоро пахта уруғчилиги” масъулияти чекланган жамиятида уруғлик чигитни тозалаш ва саралаш, туксизлантириш ва дорилаш бўйича амалга оширилаётган агротехник тадбирлар жараёни билан танишилди.
Таъкидланганидек, 2022 йил ҳосили учун Бухоро вилоятида 102,9 минг гектар майдонга истиқболли, районлаштирилган серҳосил ғўза навларини экиш белгиланган. “Бухоро-102” нави 7 минг 163 гектар, ўртапишар “Бухоро-6” нави 29 минг 141 гектар, “Бухоро-8” нави 30 минг 92 гектар, “Бухоро-10” нави 34 минг 4 гектар, янги навлар 2 минг 500 гектарга экилади. Бунинг учун 5069 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 3342 тоннасини туксизлантириш ҳамда 3702 тоннасини дорилаш (пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан) талаб этилади.
2021 йилда уруғлик пахта етиштириш мақсадида тендер танловидан ўтган 243 та фермер хўжаликларидан жами бўлиб 19 минг 308 тонна, шундан 9 минг 495 тонна асосий, 7 минг 613 тонна захира ва 2 минг 200 тонна қўшимча захира фондига уруғлик пахта қабул қилиниб тайёрланди. 2022 йил пахта ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли уруғлик чигит ишлаб чиқариш мақсадида пахта тозалаш ва бошқа корхоналар томонидан уруғлик чигитни тайёрлаш ва сақлашда навлар ҳамда репродукциялар аралашмаслиги, уруғлик пахтани тозалаш режимига риоя қилиниши, шунингдек, дорилаш-туксизлантириш цехларини жорий таъмирланган ҳолда қайта ишланиши аҳволи инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўрганилади. Олиб борилаётган дорилаш-туксизлантириш ишлари доимий назорат қилиниб, амалий кўмаклар бериб келинади.
–Тозалашдан олинадиган уруғлик чигитларни саралаш, дорилаш ва туксизлантириш ишлари “Бухоро агрокластер” МЧЖга қарашли “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ ва “Бухоро уруғчилик” МЧЖ уруғчилик цехларида бажарилади, –дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Бухоро вилояти бошқармаси бош инспектори Беҳзод Баҳронов. –Айни пайтда мазкур жараён самарали амалга оширилаётир.
[gallery-5589]
–Корхонамизга қарашли уруғлик цехи бир кеча-кундузда 40-45 тонна уруғни туксизлантириш қувватига эга, – дейди “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ директори Шароф Умаров. – Цехда 65 нафардан зиёд ишчи 3-сменада фаолият юритади. Мазкур цехда уруғлик чигитлар туксизлантириш ва дорилаш ишлари механик усулда амалга оширилади. Бугунги кунда уруғлик чигитларни дорилаш учун мутахассислар таклифлари асосида қишлоқ хўжалик зараркунандаларига (гоммоз, илдиз чириш, фузариоз вилт) қарши П-4, Спораген, Суфлёр (гуммат калий) ва Скарлет препаратларидан фойдаланилмоқда. Уруғларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тайёрлаш учун 4 нафар малакали мутахссислардан иборат лаборатория ходимлари томонидан мунтазам равишда намуналар олинади. Таҳлиллар амалга оширилади.
Дорилаш жараёнида ғўзанинг илдиз чириш касаллигига қарши П-4 ва Скарлет препаратларидан 1 тонна туксизлантирилган уруғлик чигит тайёрлаш учун 4 литр, вилт касаллигига қарши Спораген препаратидан 2 литр ва ғўзанинг ўзиш ва ривожланишини жадаллаштириш мақсадида Суфлёр (гуммат калий, биостимулятор) препаратидан 0,6 литр миқдорида қўшиб уруғлик чигитлар тайёрланмоқда.
Уруғчилик цехида тайёрланаётган уруғлик чигитдан ҳар 2 соатда намуналар олинади. Намлиги, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган лабораторияда тола қолдиғи ва механик шикастланиши бўйича таҳлиллар ўтказилади. Уруғлик чигитлар тагликлар устида, усти ёпқичлар билан ёпилган ҳолда ён атрофлари ёпиқ омборларда талаб даражасида сақланади. Омборларда 4 минг 500 тоннадан ортиқ дорилаб тайёрланган уруғлик чигитларни навлар бўйича алоҳида-алоҳида сақлаш имконияти яратилган. Уруғлик чигит сақланадиган омборлар ҳавонинг совуқ кунлари ҳароратни бир хил меъёрда сақлаш мақсадида иситиш мосламалари билан таъминланган. Шунингдек, уруғлик чигит тайёрлаш мавсумида талаб этиладиган қоғоз қоп, этикетка, кимёвий препаратлар ва ёғоч тагликлар (паддон) захираси яратилган.
Албатта, уруғлар белгиланган стандарт талабларига асосан тайёрланса фермер хўжаликлари сифатли уруғлик билан таъминланиб, чигитларни бир текис ундириб олинишига ҳамда пахтадан мўл ҳосил олинишига замин яратилади.
Пресс-тур давомида соҳа мутахассислари томонидан журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА