Саноатни ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Саноат барча иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга хизмат қилади. Кейинги йилларда бу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, юқори технологияли заводлар, технопарклар, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Ўтган йили саноатда қўшимча қиймат ўсиши 10 фоиздан ошди.
Лекин диверсификация жиҳатидан қараганда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, саноатнинг 69 фоизи асосан хом ашё ёки бирламчи қайта ишлашга тўғри келади. Экспортнинг 52 фоизини рангли металлар, энергия ресурслари ва ҳўл мева ташкил этади. Бу иқтисодиётда ҳалигача тайёр маҳсулотга нисбатан хом ашё устунлигини кўрсатади.
Йиғилишда юқори қўшимча қиймат яратувчи ва тайёр маҳсулот экспорт қиладиган саноат корхоналарини кўпайтириш, мавжуд салоҳият ва хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Импорт қилинаётган товарларни юртимизда ишлаб чиқариш, хом ашёни тайёр маҳсулотга айлантириб сотиш даражаси етарли эмаслиги танқид қилинди. Хусусан, миснинг атиги 25 фоизи қайта ишланмоқда, рухнинг 80, молибденнинг 99, ипакнинг 88, терининг 60 фоизи хом ашё тарзида экспорт қилинмоқда.
Ёки яна бир мисол: 133 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган бир пайтда “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси корхоналари 48 фоиз қувват билан ишлаётгани, албатта, қониқарсиз ҳолат. Сут ва гўштни қайта ишлаб, кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш соҳасидаги улкан имкониятлар ҳам тўлиқ ишга солинмаган.
Шу боис йиғилишда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига мавжуд хом ашё базаси ва импорт таркибидан келиб чиқиб, 2019-2021 йилларда саноатлаштириладиган маҳсулотлар рўйхатини шакллантириш вазифаси топширилди.
Давлатимиз раҳбари кундалик саноат маҳсулотларини кенг ишлаб чиқариш ва кооперацияни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган саноат маҳсулотларини солиштирган ҳолда эҳтиёжни ҳисоб-китоб қилиш тизимли олиб борилмаётгани қайд этилди. Кичик саноат зоналарида кундалик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Саноат ривожида тармоқларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ маҳаллий саноат ишлаб чиқарувчиларини давлат харидлари орқали қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилмоқда.
Яна бир муҳим масала борки, бу саноат товарларини етказиб бериш билан боғлиқ. Юртимизда маҳсулотлар таннархида транспорт харажатлари ҳали-ҳануз юқори. Дунёда ушбу кўрсаткич 8-9 фоиздан ошмайди. Шунингдек, маҳсулотларни сертификатлаш ҳам экспортда жуда муҳим омил.
Шундан келиб чиқиб, транспорт хизматлари нархини камайтириш, маҳсулотларни ташқи бозордаги техник сифат талабларига уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ишлаб чиқариш ва сертификатлаш соҳалари мутахассислари малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.