Нурафшон шаҳрида “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” бошланди. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимиздаги йирик тармоқ корхоналарига маҳаллий кичик ва хусусий бизнес вакиллари томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни етказиб беришда кооперация алоқаларини ташкил этишдир.
Шуларни эътиборга олиб, икки кун давом этадиган ярмаркада 10 дан зиёд тармоқ ва вазирликлар ҳамда республиканинг барча ҳудудларидан корхоналар ўз маҳсулоти билан қатнашмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятидан 300 дан зиёд саноат корхоналари 2,5 минг турдан ортиқ маҳсулоти билан, ва бошқа вилоятлардан келган 50 нафарга яқин тадбиркорлар қатнашмоқда.
Муҳими, бу каби ярмаркалар ишлаб чиқарувчиларни харидорлар билан боғлайди, уларга кафолатли бозор топиб беради. Хусусан, ўтган йилги ҳудудда ўтказилган саноат ярмаркасида қарийб 600 миллиард сўмлик шартномалар тузилгани буни яққол исботидир.
Очилиш маросимида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, тадбиркорлар фаолиятига ривож тилади. Тошкент вилояти республикамиздаги энг йирик саноат корхоналари жойлашган ҳудуд бўлиб, металлургия, кимё, электроэнергетика, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларда туради.
Ҳозирда вилоятдаги саноат корхоналари сони 10 мингдан ошди. Вилоятда сўнгги беш йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми 759 миллиард сўмдан 4,2 триллион сўмга ёки 5 баробарга ўсган ва импорт даражаси 13 фоизга қисқарган. Бундан ташқари, вилоятда 1 минг 580 чет эл капитали асосида қўшма корхоналар ҳам фаолият юритмоқда.
[gallery-22737]
Ушбу ярмаркада йирик саноат корхоналари ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун талаб этиладиган импорт маҳсулотларини маҳаллийлаштириш орқали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича унумли фойдаланиш имкониятлари мавжуд. Амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз саноатига ижобий таъсир этади.
– 2008 йилдан бери фаолият юритамиз. Асосан бюджет ташкилотлари учун 50 турдан ортиқ махсус кийимлар, кўрпа ва ёстиқлар, юмшоқ жиҳозлар ишлаб чиқарамиз. Ҳозирги пайтда ишчиларимиз сони юз нафардан ошди. Фаолиятимиз йил сайин ривожланмоқда. Онлайн савдо ва аукционларда қатнашиб келамиз ва бу каби саноат ярмаркаларида доим фаолмиз. Бу каби ярмаркалар ҳамкор ташкилотлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашади. Маҳсулотларимизни намойиш қилиб, мавжуд имкониятларимизни таништирамиз, – дейди “Sharmed-teks” корхонаси раҳбари Нафиса Бозорова.
Ярмарка доирасида вилоят ҳокими ва тизим масъуллари иштирокида тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказилди. Унда тижорат банклари томонидан лойиҳалар учун кредит маблағи ажратиш, солиқ тўловлари, ер-кадастр, инвестиция йўналтириш каби кўплаб масалалар юзасидан юзлаб мурожаатлар кўриб чиқилди. Жараёнда ҳар бир мурожаат тегишли тартибда масъулларга йўналтирилди. Айрим мурожаатлар бўйича тадбиркорларга ҳуқуқий тавсиялар берилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА