Саноат ярмаркаси: ҳамкорлик ва самара
Жиззахда ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида 16 миллиард сўмликка яқин шартномалар имзоланди.
Жиззахда ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида 16 миллиард сўмликка яқин шартномалар имзоланди.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 мартдаги 2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Анъанавий ўтказиб келинаётган саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ярмарка майдонининг кенглиги, павильонларга қўйилган маҳсулотлар турининг кўплиги билан аввалгилардан фарқ қилди. Жумладан, ўтган йилги ярмаркада 221 тадбиркорлик субъекти иштирок этиб, 4,7 миллиард сўмлик ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлса, бу йилги ярмаркада 310 тадбиркорлик субъекти 16 миллиард сўмликка яқин шартномаларни имзолади.
Ярмаркада ҳудудий ишлаб чиқарувчилардан ташқари, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳудудда барпо этилган янги корхоналар намойиш этган маҳсулотлар кўлами ва тури ўтган йилгидан қарийб икки баробар ортган.
“Жиззах” махсус индустриал зонасида энергия тежамкор светодиодли электр чироқлар ишлаб чиқарадиган “Yorqin Chiroqlar” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Светодиодли электр чироқларнинг афзаллиги электр энергиясини ўта кам сарфлашидир, – дейди қўшма корхона раҳбарининг ўринбосари Элдор Бердиёров. – Корхонамиз маҳсулотига ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда. Ярмарка янги ҳамкорлар топишимиз учун яна бир имконият бўлди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича шартномалар туздик.