Саноат хавфсизлиги соҳаси: сарҳисоб ва режалар
Фармон ва ижро
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида ушбу соҳадаги давлат назорат органи ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов ва бошқалар мамлакатда иқтисодиёт, хусусан, саноатнинг барқарор ривожланиши ва муҳим объектларнинг хавфсиз фаолият юритишида мазкур ташкилотнинг тутган ўрни салмоқли эканини қайд этди.
Таъкидланганидек, ўзининг тарихий даврини босиб ўтган қўмита 1947 йилда Ўрта Осиё кон бошқармаси округи сифатида иш бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан мазкур қўмита қайта ташкил этилган.
– Президентимиз қарор билан қўмита таркибий тузилмасида янги Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти, Ангрен кон-техника инспекцияси, Олмалиқ кон-техника инспекцияси ва собиқ Қизилқум минтақавий инспекцияси негизида Қизилқум кон-техника инспекциялари фаолияти ҳам йўлга қўйилди, – деди Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Холматов. – Шу билан бирга, қўмита таркибида Истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш инспекцияси ҳамда бир нечта янги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқариш, реестрлар ва техноген хавфи юқори бўлган зоналар кадастрини юритиш, ахборот-коммуникациялар технологиялари бўлимлари ва тармоқ инспекциялари ташкил этилди. Қўмита фаолияти такомиллаштирилиши натижасида саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида ҳамда истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги жами 105 та меъёрий ҳужжат қайта кўриб чиқилди. Жумладан, 6 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31 та фармони ва қарори, 50 та ҳукумат қарорлари ва фармойишларига ўзгартиришлар киритилди. Янги 32 та ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солувчи ҳужжат ишлаб чиқилиб жорий этилди.
Шунингдек, тадбирда қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Айни кунда ташкилот жамоаси саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларини тартибга солувчи 1000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва норматив техник ҳужжат асосида давлат назоратини амалга оширмоқда. Ҳозирда қўмита назорати остида 13 мингдан ортиқ хавфли ишлаб чиқариш объекти мавжуд ва улар фаолияти доимий таҳлил қилинаётир.
Қўмитанинг Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси бошлиғи Ҳикматилла Майсупов таъкидлаганидек, қўмитанинг асосий вазифаси саноатда олиб борилаётган ишларнинг хавфсизлиги таъминланишини назорат қилиш билан иқтисодий зарар ва энг муҳими инсон ҳаётига хавф солувчи бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат.
– Шу боис, қўмитанинг назорат остидаги корхоналарда юз берган бахтсиз ҳодисалар сабабини таҳлил қилиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслигига алоҳида эътибор берилади. Ўз навбатида, саноат, атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация, ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини юритиш ва белгиланган натижадорликни таъминлаш мақсадида назорат остидаги ташкилотларга 110 га яқин норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатларнинг 3400 га яқин босма ва электрон нусхалари тарқатилди, –деди Ҳ.Майсупов.
Тадбирда қўмитанинг халқаро ташкилотлар билан ўрнатган алоқалари ва унинг натижалари юзасидан ҳам фикр юритилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири