“Ўзбекистон-2030” стратегиясида экспорт ҳажмини икки баробарга ошириш, технологик саноат маҳсулотлари улушини 32 фоизга етказиш ҳамда миллий саноатнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Хўш, кейинги йилларда мамлакатимиз саноатида қандай натижаларга эришилган?
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан ўтказилган таҳлилга кўра, Ўзбекистон саноати 2017-2024 йиллар давомида ислоҳотлар шароитида мустаҳкам ривожланган. Бу йиллар мобайнида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳар йили ўртача 6,2 фоизга ўсди. Умумий ўсиш эса 1,5 баробардан зиёдни ташкил этди. Бу ҳолат саноатни мамлакат иқтисодиётида муҳим “драйвер” сифатида шакллантирди. Масалан, ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 2017 йилдаги 22,2 фоиздан 2024 йилда 26,4 фоизгача кўтарилди.
Ишлаб чиқариш тармоқларидаги ўсиш натижасида саноат таркибида хомашё устуворлиги камайди. Бунинг натижасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортди. Ишлаб чиқариш саноати 2017 йилга нисбатан 1,6 баробар ўсди. Унинг умумий саноатдаги улуши 85 фоиздан ортиқни ташкил этди. Марказий Осиё давлатлари билан таққослаганда, бу натижалар энг яхши кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Автотранспорт воситалари ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,9 баробарга ўсди. Тўқимачилик ва кийим-кечак саноатида ҳам ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга кўпайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,5 баробарга ортди. Металлургия тармоғида чуқур қайта ишлаш ҳисобига ҳажм 1,5 баробарга, қурилиш материаллари саноатида эса 1,7 баробарга ошди.
Диверсификация кўрсаткичларига ҳам катта эътибор берилмоқда. Экспорт диверсификацияси индекси яқин йилларда барқарор ўсди. Тўқимачилик ва кийим-кечак экспортида индекс 8149,5 даражага етди. Кимё маҳсулотлари экспортида ушбу кўрсаткич 8245,2, металлургия соҳасида эса 8657,6 га кўтарилди. Бу натижалар мисни чуқур қайта ишлаш маҳсулотлари, жумладан, мис симлар ва қувурлар экспорти ортиши ҳисобига таъминланди. Автомобилсозлик соҳасида янги моделлар қаторининг кенгайиши экспорт диверсификацияси индексини 6335,6 даражагача кўтарди.
Электротехника саноатида эса индекс 8922,4 даражага етди. Бу натижа технологик ва мураккаб буюмлар ассортименти кенгайиши ҳисобига шаклланди.
МҲТИ мутахассислари хулоса қилишича, Ўзбекистон саноатида маҳсулотларни диверсификация қилган ҳолда ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш орқали мамлакат жаҳон иқтисодий мураккаблик индексида ўз ўрнини яхшилашга эришган. Мамлакат 145 давлат орасида 80-ўринга кўтарилган. Бу эса ислоҳотларнинг натижадорлиги ва саноат сиёсатининг самарали амалга оширилаётганини кўрсатади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА