Саноат соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим йўналишидир. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида саноатнинг “драйвер” соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туманда замонавий технологик саноат зоналарини ташкил этиш, саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ҳамда 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Юртимизда саноатни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-август ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 498 триллион сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 7 фоизни ташкил этган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Андижон вилоятида 9,2 фоиз, Наманган вилоятида 8,2, Сурхондарё вилоятида 8,1, Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилоятида эса 7,8 фоиз ўсишга эришилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Ҳудудларда саноатни янада ривожлантириш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқишни маҳаллийлаштириш, саноат кооперацияларини йўлга қўйишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзуидаги давра суҳбатида айтиб ўтилди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтган тадбирда 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 563,3 триллион сўмни, йил якуни билан 790 триллион сўмни ташкил этиши кутилаётгани қайд этилди. Шунингдек, ушбу даврда 2 минг 199 та лойиҳа доирасида 64,2 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Натижада 5 миллиард долларлик импорт ҳажмлари оптималлаштирилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар мамлакатимизда енгил саноатни ривожлантиришга оид салмоқли ишлар амалга оширилгани, жумладан, тери маҳсулотларининг экспорти сўнгги етти йилда 40,2, оёқ кийимлар экспорти эса 140,8 фоизга ошганини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, 10 та туманда ўтган йилга нисбатан ўсиш таъминланмагани, енгил саноат маҳсулотларининг экспортини амалга оширишда тўлиқ имкониятлар ишга солинмаётгани танқид қилинди.
Маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари, замонавий дизайн ва стандартларига алоҳида эътибор қаратилиб, янги бозорлар топиш борасида ишларни тизимли ташкил этиш, Европага GSP+ тизими орқали экспорт ҳажмини оширишни рағбатлантириш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.
Депутатлар ҳудудларда саноатни янада ривожлантириш, саноат кооперацияларини йўлга қўйиш бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар билдирди.
М.Комилова, ЎзА