Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 7-9 апрель кунлари Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация аъзолари Венгрия давлатида бўлиб, етакчи компаниялар билан икки томонлама манфаатли музокаралар ўтказди.
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган сафар чоғида Денов туманидаги “Денов Олтин Дон” масъулияти чекланган жамияти Австриянинг “ДОППЕЛМАЙР” компанияси билан қиймати 20 миллион евро бўлган осма дор йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади.
Янги лойиҳа Сариосиё туманидаги хушманзара тоғлар қўйнида жойлашган машҳур Сангардак қишлоғида бунёд этилади. “Туризм қишлоғи” мақомига эга Сангардак гўзал табиат манзаралари, ноёб ва бетакрор шаршараси билан дунёга танилган. Ўтган йили ҳудуддаги мафтункор табиат қўйнида замонавий санаторий ҳам қад ростлади. Сўлим бу гўшада осма дор йўлининг барпо этилиши ҳудуднинг бетакрор гўзаллигини, Ўзбекистоннинг “Ниаграси” сифатида таърифланадиган Сангардак шаршарасини баланд тоғ чўққиларидан томоша қилиб, ўзгача завқ олиш имкониятини яратади, сайёҳлар оқимини янада кўпайтиради.
Лойиҳа доирасида даранинг тепасидан тоғ ва сўлим қишлоқни томоша қилиш учун махсус майдон, томоша майдонига чиқиш учун йўлак ва зиналар, кириш қисмига стелла ва енгил конструкцияли меҳмон уйлари қурилади. Ресторан, от ва туяда сайр қилиш, мини спорт майдончалари, оилавий пикник ва махсус селфи зоналари, ўйин ва рақс майдончалари барпо этилади.
– Европалик ҳамкорларимиз билан лойиҳани ишга туширишнинг барча тарафларини келишиб олдик, – дейди “Денов Олтин Дон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари П. Мирзаев. – Яқин кунларда ишлар бошланади. Уни шу йил фойдаланишга топшириб, пурвиқор тоғлар бағридаги Сангардакнинг янада серқатнов туристик масканга айланишига муносиб ҳисса қўшамиз.
Дарадаги тоғларни бирлаштирувчи осма дор йўлининг узунлиги 1 минг 200 метрни ташкил этади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири