Санъатшунослик: изланишлар давом этмоқда
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Ўзбекистон санъатшунослигидаги илмий изланишлар ва замонавий қарашлар» номли илмий конференция ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон тасвирий санъатининг таниқли рассомлари, шунингдек, энди-энди танилаётган, ҳали ўрганилмаган кўплаб ижодкорларнинг фаолиятини кенг оммага, мутахассисларга тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Конференцияда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимовнинг «Чингиз Аҳмаров: парвоздаги фаришталар доим барҳаёт", Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Раҳимованинг “Ўзбекистон санъатшунослик фанининг назарий жиҳатлари", санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дилзода Алимқулованинг “Содиқжон Раҳмонов – устозига муносиб ворис”, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор Равшан Фатҳуллаевнинг “Тамарахоним – халқлар дўстлиги куйчиси. Тамарахоним уй-музейи зали асосида” каби ҳамда мавзуга оид бошқа маърузалар тингланиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Анжуманда қатнашчилар янгиланган илмий маълумотлар ва методология ёрдамида кам ўрганилган рассомлар ижоди, уларни миллий рангтасвир ривожига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Конференция сўнгида барча маърузачилар ташкилотчилар томонидан сертификат билан тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА