Сўнгги йилларда мусиқа санъатининг энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган жанрларидан бири бу – рэп. Кўпчилик классика ихлосмандлари уни “маданиятдан узоқ”, “қўпол”, “инсон руҳиятини пасайтирувчи” жанр сифатида баҳолайди. Бундай қарашлар, одатда, рэпнинг юзаки, яъни фақат баъзи намуналарини кўриб, умумий хулоса чиқариш оқибати. Аслида эса, рэп жамиятдаги муаммолар, ижтимоий адолатсизликлар ва инсон ички кечинмаларини ифодалашга қодир, кучли мазмунли мусиқий йўналиш.
Рэп – бу биринчи навбатда сўз санъати. У орқали санъаткор ўз фикрини, норозилигини, умидини, курашини ёки шунчаки шахсий кечинмаларини ифодалайди. Айнан шу жиҳати билан рэп бошқа мусиқий жанрлардан ажралиб туради. Чунки у кўпинча ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларини, жамиятдаги тенгсизлик, камбағаллик, коррупция, ёшларнинг йўқотилган орзулари каби муаммоларни дадил ёрита олади. Масалан, машҳур рэпперларнинг қўшиқлари орасида нафақат шахсий ҳаёти, балки бутун бир авлоднинг ижтимоий муаммолари, тушкун кайфияти, травмали болалик, ишсизлик, миграция каби мавзулар ҳам ўз аксини топган. Бу рэпни фақат “мусиқа” эмас, балки ижтимоий ҳодиса, норозилик овози, баъзан эса психологик терапияга айлантиради.
Шубҳасиз, ҳар қандай санъатда бўлгани каби рэпда ҳам турли йўналишлар мавжуд. Баъзи рэпперлар ҳақиқатан ҳам одобсиз сўзлар, жаргон, зўравонлик ёки гиёҳвандлик мавзуларини тарғиб қилувчи матнлар билан чиқади. Бу эса бутун жанрга нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлади. Лекин бу ҳолатни умумлаштириб, бутун рэп жанрини рад этиш адолатдан эмас. Зотан, бошқа бир қанча рэпперлар бор-ки, уларнинг қўшиқлари ёшларга ҳаётда тўғри йўл тутиш, ўз устида ишлаш, қийинчиликларга таслим бўлмаслик, ота-она қадри каби ижтимоий-ахлоқий ғояларни сингдиради. Бундай рэп қўшиқлар инсонни ўйлантиради, руҳлантиради, ҳаётига маъно бағишлайди. Демак, ҳар қандай жанрда бўлгани каби, рэпда ҳам “қора” ва “оқ” томонлар мавжуд ва биз ҳар иккисини ажрата оладиган савияга эга бўлишимиз зарур.
Кўп ҳолларда рэп жанрини паст баҳоловчиларнинг асосий фикри бу – рэпда эстетик гўзаллик йўқ, деган фикр. Аммо бу ерда савол туғилади: эстетикани белгилаш мезони кимнинг қўлида? Шеъриятда Алишер Навоий, мусиқада Бетҳовен ёки мақомда “Шашмақом” биз учун эстетик намунадир. Аммо бу, замонавий инсон руҳиятига таъсир қилувчи бошқа жанрларни инкор қилишга асос бўла олмайди.
Рэп ҳам ўзининг шакли, услуби, ритми ва матни орқали замон руҳи билан уйғунлашган, айрим ҳолларда эса ҳатто классик адабиёт билан боғланадиган жанр. Кўплаб рэп матнларида шеърий шакл, оҳангдорлик, ритмик тузилма классик шеъриятдан қолишмайди. Ҳатто айрим рэпперлар ўз қўшиқларини Навоий, Бедил ёки Бобур ғазалларидан илҳомланиб яратган ҳолатлар ҳам учрайди.
Рэпга қарши бўлганлар кўпинча уни “маданиятсизлик” билан боғлашади. Бироқ, бу фикрни чуқур таҳлил қилганимизда, маданиятсизлик рэпда эмас, балки уни контекстдан узиб, юзаки баҳоловчилар онгида эканини кўрамиз. Ҳар қандай санъатни баҳолашда аввало мазмун, ният ва ижтимоий контекстга қараш керак. Кимдир шунчаки эшитганда “қўпол” туюлган матн, аслида жамиятдаги оғир ҳақиқатларга қаратилган даъват бўлиши мумкин.
Замон ўзгарар экан, санъат ҳам ўзгаради. Рэп – бу замонавий ёшларнинг ўз овозини топиш, жамиятдаги ўз ўрнини англаш, ҳаётга бўлган қарашини ифодалаш воситасидир. Уни бирёқлама баҳолаш, юзаки ҳукм чиқариш, ёшлар дидини тўғри тушунмаслик бизни улардан янада йироқлаштиради. Шу сабабли, ҳар қандай мусиқа жанрини, хусусан рэпни баҳолашда нафақат унинг шакли, балки мазмун, ижтимоий асос ва инсонга қиладиган таъсирига қараш керак. Ана шунда биз фақат рэпни эмас, балки бутун санъат оламини янада чуқурроқ тушунишга эришамиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА