Санъатда сохталик яхшиликка олиб бормайди
Пойтахтимиздаги «Туркистон» санъат саройида эстрада хонандалари ҳамда Маданият вазирлиги раҳбарияти бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов олиб борган йиғилишда саҳна маданиятига эътибор қаратиш, мусиқа ва шеър танлаш, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Янги ўқув даргоҳларини ташкил этиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, истеъдодларни фаол қўллаб-қувватлаш, “устоз-шогирд мактаби” анъаналарини ривожлантириш, янги ижодий лойиҳа ва танловларни ўтказиш борасида етарлича маблағ, имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Айни пайтда мухлисларга тақдим этилаётган қўшиқларнинг тобора саёзлашиб бораётгани, ижтимоий тармоқларда хонандаларнинг ўзаро муносабатига, ҳатто оилавий, шахсий масалаларга доир шов-шувли чиқишлар халқимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
– Бугунги йиғилишимизга санъаткорларнинг кўпчилиги ташриф буюрди, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов. – Уларни ўз ижоди орқали эзгу ғояларни тарғиб этишга, янгиланаётган Ўзбекистонимиздаги ибратли ташаббусларни куйга солишга чорлаб қоламиз. Бу борада хонанда, бастакор ва шоирларнинг ўзаро узвий ҳамкорлиги кутилган натижаларни бериши шубҳасиз. Инсон ўз ҳаётини, ижодини сарҳисоб этадиган вақт барибир етиб келади. Шунда хонандаларимиз ўз ижодининг натижасидан, қўшиқлари таҳлилидан уялиб қолмаслиги керак, деб ўйлайман. Негаки, ҳар бир жараённинг бошланиши бўлганидек, поёнига етадиган давр ҳам бўлади. Истардимки, хонандалар, наинки ўзларини, балки фарзандларини, уларнинг ҳам фарзандларини ўйлаб ҳаракат қилиши керак. Ижоднинг ҳам ўз сўроқ-саволи бор. Ўзбек санъати қайсидир енгил-елпи қўшиқлар билан ўлчанмайди. Бугунги кунда айрим оммавий ахборот воситалари, блогерларнинг эътибори санъаткорлар ўртасидаги муносабатларни, ҳатто оилавий масалаларни оммага олиб чиқиш билан банд бўлиб қолаётгани, ижтимоий тармоқларда лўттибозлик авжига чиқаётгани жуда афсусланарли ҳолатдир. Ваҳоланки, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида қанчадан-қанча ёш истеъдодлар таълим олмоқда. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар айнан шу ёш истеъдодларни тарғиб этиши керак, деб ўйлайман. Санъат, маданият фақат яхшиликка даъват этиши керак.
– Дарҳақиқат, бугунги кунда ижод учун ҳам, сўз эркинлиги учун ҳам зарур барча имкониятлар яратилган, – деди таниқли хонанда Алишер Рўзметов. – Назаримда ёш хонандалар мавжуд имтиёз ва имкониятлардан фақат яхшилик йўлида, бадиий жиҳатдан пишиқ ва баркамол, халқимизнинг кўнгил мулкига айланадиган қўшиқлар яратиш йўлида фойдаланиши керак. Ижодни, истеъдодни, ортга қайтарилмас вақт ва имкониятни ўткинчи нарсаларга сарфлаш яхшиликка олиб бормайди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон обрўсини жаҳон миқёсида муносиб тараннум этаётган санъаткорларимиз кўп. Бироқ сийқа, саёз, умри лаҳзалик қўшиқларни мухлисларга “тақдим этиш”дан чарчамаётган, манманликка берилиб, фақат моддият, пул ортидан қувиб юрган “хонандалар” ҳам йўқ эмас.
Кибр, манманлик, моддий бойлик ортидан қувиш, сохта шуҳрат ҳали ҳеч кимга обрў олиб келмаслигини санъатдек мўътабар оламга қадам қўйган айрим хонандалар англаб етса бўлгани. Айни пайтда юртимизда ижод аҳли учун яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар бадиий жиҳатдан пишиқ, мукаммал қўшиқларни яратишга хизмат қилмоғи керак.
Назокат Усмонова, ЎзА