Санъат ва маънавият — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
2026 йил 1 июнь куни мамлакатимиз маданий ҳаётида унутилмас ва тарихий аҳамиятга эга воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакиллари билан самимий мулоқот ўтказди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари иштирокида бир гуруҳ фидойи ижодкорларга давлат мукофотларининг тантанали равишда топширилиши санъат ва маданият аҳлига бўлган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Азалдан адабиёт, санъат ва маданият халқ маънавиятининг кўзгуси бўлиб келган. Бугун инсоният учинчи Ренессанс сари одимлаётган, глобаллашув жараёнлари тобора кучайиб бораётган мураккаб даврда яшамоқда. Турли ёт ғоялар, оммавий маданиятнинг салбий кўринишлари инсон онги ва қалбига таъсир ўтказишга уринаётган бир пайтда адабиёт ва санъат маънавий қалқон вазифасини ўтамоқда.
Шу маънода Президентимизнинг ижод аҳли билан учрашуви нафақат маданий ҳаётимиз, балки халқимиз маънавий тараққиёти учун ҳам муҳим тарихий воқеа сифатида аҳамият касб этади. Ғарб мутафаккири Алберт Швецер таъкидлаганидек: «Воқеликни шакллантирадиган кучлар ичида биринчиси — маънавият ва ахлоқдир. Қолган барчаси озми-кўпми иккинчи даражалидир». Бугун дунёда юз бераётган воқеаларга назар ташласак, ушбу фикрнинг нақадар ҳаётий ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўламиз. Маънавият ва ахлоқни шакллантиришда китобхонлик, театрга жалб қилиш, мусиқа чолғу асбобларни чалишни ўрганиш, тасвирий санъатни англаш, танловларга қатнашиш, эстетик дид ва ижодий тафаккурни ривожлантиришнинг аҳамияти беқиёс.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Президентимизнинг ижод аҳли билан мулоқотидан кейин 2026 йил 2 июнь куни қабул қилинган “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз маънавий тараққиётини янги босқичга олиб чиқувчи муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди. Фармонда истеъдодли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратиш, маданият ва санъатнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар белгиланган. Айниқса, умумтаълим мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология фанларини янги “ART” дастури асосида ўқитиш ташаббуси таълим тизимидаги муҳим янгилик сифатида эътиборга молик.
Ушбу фармон менинг кўп йиллик илмий изланишларим билан ҳамоҳанг экани мени алоҳида қувонтирди. Бир неча йил давомида “Артпедагогик технологиялар воситасида ўсмирларни маънавий-эстетик тарбиялаш методикаси” мавзусида илмий тадқиқот олиб бордим. Тадқиқот жараёнида республикамизнинг Тошкент, Бухоро ва Наманган шаҳарларидаги қатор мактабларда тажриба-синов ишларини амалга ошириб, санъатнинг ўсмирлар тарбиясидаги таъсирини чуқур ўргандим.
Айниқса, буюк мусаввирлар ижоди билан танишиш, тасвирий санъат асарларини таҳлил қилиш ва улар орқали инсонпарварлик, меҳр-оқибат, Ватанга муҳаббат, табиатга эҳтиром каби фазилатларни шакллантириш ёшлар онгига жуда тез ва самарали таъсир кўрсатишини кузатдим. Шу асосда артпедагогик модел ишлаб чиқилди. Унинг мазмун-моҳияти Шарқ ва Ғарб алломаларининг таълим-тарбия ҳақидаги қарашлари, замонавий артпедагогика ва арттерапия соҳасидаги илмий ёндашувлар ҳамда миллий қадриятларимиз уйғунлигига асосланади. Мазкур модел 12–14 ёшли ўсмирларда маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришда санъатдан самарали фойдаланиш имконини беради. Аёнки, санъатнинг тарбиявий кучи беқиёс. Боланинг ҳаётига назар ташласак, у ҳали ҳарф танимасдан туриб, қалами билан ўз ҳиссиёти ва тасаввурлариини қоғозга туширишга ҳаракат қилади.
Ўзбек халқида: “Боланг тошбағир бўлмасин десанг, унинг қўлига дутор тут” деган мақол бор. Демак, инсондаги креативлик ва ижодий фикрлаш қобилиятининг илк манбаи ҳам санъатдир. Француз маърифатпарвари Дени Дидронинг: «Қайси мамлакатда расм чизишни ўқиш-ёзиш каби билсалар, ўша мамлакат бошқа давлатларни қувиб етади ва ортда қолдиради», деган фикри бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу мақсадда биз “Рассом устахонаси” лойиҳасини йўлга қўйдик. Лойиҳа доирасида ёшлар машҳур рассомлар ижоди билан яқиндан танишмоқда, ижодкорларнинг ҳаёт йўли ва асарларидаги ғоявий мазмунни ўрганмоқда. Бу эса уларнинг эстетик диди, маънавий дунёси ва ижодий тафаккурини бойитишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек: «Қайси миллатнинг адабиёти бой, мусиқаси юракка яқин, театри ҳаётий, киноси таъсирчан, санъати жозибадор бўлса, ўша халқнинг овози дунёда баланд эшитилади». Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда санъат, маданият ва адабиёт соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу санъати, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилиши ҳам соҳа тараққиёти учун муҳим қадам бўлади. Энг муҳими, истеъдодли ёшларни маҳаллалардан кашф этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлашга қаратилган мутлақо янги тизим йўлга қўйилмоқда.
Энди биз ижодкорлар, олимлар ва педагоглар бирлашиб ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистоннинг маънавий пойдевори янада мустаҳкамланади. Мадомики, Ватанга муҳаббатли, миллий қадриятларга содиқ, замонавий билим ва креатив тафаккурга эга ёш авлодни тарбиялашда санъатнинг ўрни беқиёс экан, биз ижодкорлар Президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни бажариш учун бетиним меҳнат қилишимиз зарур бўлади. Зеро, санъат инсон қалбини тарбиялайди, уни эзгуликка чорлайди. Санъатга ошно бўлган авлод эса мамлакат келажагининг энг мустаҳкам таянчи бўлади.
Мунира РАМАЗОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси