Санъат истеъдодларни кашф этади
Халқ орасида ҳунар зар деган нақл бор. Бу шунчаки гап эмас. Ҳунарли киши элда доим азиз бўлган. Бухоро вилояти Шофиркон тумани Калон маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Беҳзод Исломов ёш бўлишига қарамай эл назарига тушган ҳунармандлардан саналади. Айниқса, уни санъатга иштиёқи баланд бўлганлар яхши танийди.
У 2024 йилда Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фахрли 2-ўринни, Тожикистонда бўлиб ўтган “Мусиқий чолғулар” фестивалида эса “Гран-при”ни қўлга киритгани иқтидоридан яққол далолатдир. Бу ютуқлари ҳунарманднинг ёрқин истеъдоди ва халқаро миқёсда тан олинаётгани тасдиғидир.

Беҳзоднинг устахонаси санъатга шайдолар билан доимо гавжум. У тайёрлаётган миллий чолғу асбоблари санъат асаридир. У бу меҳнатларининг баракасида устози уста Деҳқоннинг беқиёс ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

Ҳозирда Беҳзод Исломов тумандаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ёшларга мусиқа фанидан сабоқ бериши билан бирга, ўзи машғул бўлган санъат олами сирларини пухта ўзлаштириш мақсадида устага шогирд тушиб, соз ясашни ҳам астойдил ўрганган. Ёш истеъдод томонидан яратилаётган чолғулар иқтидор эгаларини кашф этишда ўз ўрнига эга. Беҳзод ясаган чолғу асбоблари ҳозирда Тожикистон, Туркманистон, Исроил ва Америка давлатларига буюртма асосида етказиб берилмоқда.

– Дутор, тор, танбур, доира, най каби мусиқа асбобларида маҳорат билан куй чалиб, санъатга бўлган меҳримни намойиш этаман, – дейди Беҳзод Исломов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири