Ўзбекистон кино ва театр санъати равнақида дурдона кино асарлари яратган фидойи устозларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Улардан бири атоқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов эди.
Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 1949 йили Тошкент тиббиёт техникумини тамомлаган. Санъатга бўлган қизиқиши устунлик қилган Ш.Аббосов 1954 йили Тошкент театр санъати давлат институти – ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг режиссёрлик факультетини тамомлайди.
Меҳнат фаолиятини Янгийўл шаҳридаги Тошкент вилояти мусиқий драма театрида режиссёр сифатида бошлаган. 1958 йили “Мосфильм” студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тамомлаган. 1982-1986 йилларда “Ўзбекфильм” киностудиясида режиссёр, кейинчалик директор, Ўзбекистон кинематографлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.
Ўзининг 60 йилдан зиёд ижодий фаолияти давомида миллий театр ва кино санъати ривожига катта ҳисса қўшган Шуҳрат Аббосов томонидан яратилган “Майсаранинг иши”, “Оғриқ тишлар” каби спектакллар, “Сен етим эмассан”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Абу Райҳон Беруний” сингари бадиий фильмлар санъатимизнинг “олтин фонди”дан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Шуҳрат Аббосовнинг меҳнатлари юксак қадрланиб, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Шуҳрат” медали ва бошқа қатор унвонларга сазовор бўлган.
* * *
Бугун шунингдек, истеъдодли ижодкор, устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг миллий театр санъатидаги эзгу ва ибратли анъаналарини давом эттириб келаётган санъаткор, “Дийдор” театр-студияси раҳбари Бобур Йўлдошев таваллуд топган кун.

Бобур Йўлдошев “Осмондаги болалар-2", “Дев билан пакана”, “Севинч”, “Гўзаллик сири”, “Ватан”, “Осмон яқин”, “Забаржад”, “Фақат ғалаба”, “Ой остидаги ҳовли”, “Мактуб”, “Таҳдид”, “Тақдир”, “Ягона ва бетакрор”, “Мени тушун”, “Ўкинч”, “Омад”, “Арзанда”, “Юзма-юз”, “Кечиккан ҳаёт”, “Тоға”, “Қўрғон”, “Қўрғошин” каби фильмларда ранг-баранг ролларни ижро этган.
Бобур Йўлдошев миллий кино соҳасида ўтказилган бир қатор ижодий танловларда совринли ўринларга сазовор бўлган. Режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг “Кечиккан ҳаёт” фильмидаги энг яхши эркак роли учун 2012 йилда Россиянинг “Золотой Витязь” мукофотини ҳам қўлга киритган.
Бугунги кунда Бобур Йўлдошев раҳбарлик қилиб келаётган “Дийдор” театр-студияси юртимиз ва жаҳон драматургларининг энг сара намуналарини томошабинларга тақдим этиб келмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА