Санъат боғида янги ниҳоллар
Истеъдод – илоҳий неъмат. У ҳамиша эътиборга эҳтиёж сезади. Мамлакатимизда истеъдод эгаларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари маънавий-маърифий жабҳаларда кечаётган ислоҳотлар жараёнида устувор ўрин эгаллайди.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
Истеъдод – илоҳий неъмат. У ҳамиша эътиборга эҳтиёж сезади. Мамлакатимизда истеъдод эгаларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари маънавий-маърифий жабҳаларда кечаётган ислоҳотлар жараёнида устувор ўрин эгаллайди. Бу жиҳатлар “Ниҳол“ мукофоти соҳиблари ижодида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
29 август куни пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги“ саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун таъсис этилган “Ниҳол“ мукофоти соҳибларини тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур муҳташам саройга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотларнинг вакиллари, мусиқа ихлосмандлари, кенг жамоатчилик таклиф этилди.
Тантанада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда маданият, санъат, таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий ва жаҳон санъатининг энг нодир намуналаридан баҳраманд этишдек мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади. Ёшлар учун ташкил этилаётган кўплаб ижодий танловлар улар истеъдодини чархлаш, безавол униб-ўсиши, халққа танилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Эътиборга молик жиҳати, бу йилги “Ниҳол“ мукофотини топширишга бағишланган тантана “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!“ деган эзгу шиорни ўзида мужассам этган тадбирларнинг узвий қисмини ташкил этади.
2000 йилда таъсис этилган “Ниҳол” мукофоти истеъдодли ёшларнинг жамиятимиз маънавий ҳаётини юксалтиришдаги муҳим ўрнини инобатга олиб, ўзининг эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги соҳасидаги маҳорати билан одамларнинг юрагига етиб борадиган, ҳамюртларимизни эзгуликка чорлайдиган, уларни маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган ижодкорларни мунтазам рағбатлантириб бориш мақсадида берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Респyбликаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол“ мукофоти танловининг тyман (шаҳар) ҳамда Қорақалпоғистон Респyбликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саралаш босқичларини ўтказиш ҳақида“ги ги мажлис баёнига асосан Маданият вазирлиги томонидан мазкур танловнинг дастлабки тyман ва ва шаҳар саралаш босқичлари 2018 йилнинг 7-26 май кунлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Ҳар икки йилда бир марта ўтказилувчи ушбу ижодий лойиҳанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саралаш босқичлари 2018 йилнинг 25 октябрь-23 ноябрь кунлари муваффақиятли ўтказилди. Танловнинг туман (шаҳар) босқичида 14 минг нафардан зиёд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида 1036 нафар ёш иштирок этиб, уларнинг 206 нафари танловнинг якуний республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
“Ниҳол“ мукофотига даъвогарларнинг ижоди эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, опера ижрочилиги ва рақс санъати каби йўналишлар бўйича ўтказилган танловлар орқали сараланди. Ҳар бир ўринга муносиб номзодлар танлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказилган танловлар жараёнини имкон қадар муросасиз, юксак савияда ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Танловда иштирок этган ижрочилар истеъдоди томошабинлар, кенг жамоатчилик томонидан ўзига хос синовдан ўтказилишига катта аҳамият қаратилди.
Номзод истеъдоди ва ижро маданиятининг ўзига хослиги, бадиий маҳорати ва савияси, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан бохабарлиги билан алоҳида ажралиб туриши, халқимиз маънавиятини юксалтириш, мустақиллик ғояларини, жамиятимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар моҳиятини санъат воситасида тарғиб этишга хизмат қилишига асосий тамойил сифатида ёндашилди. Тавсия этилаётган ишларни кўришда номзоднинг профессионал тайёргарлиги, бадиий ижрочилик маҳорати, репертуар савияси (мусиқа, матн), ижтимоий фаоллиги, инсоний фазилатлари етакчи мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги, жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги инобатга олинди.
Шу билан бирга мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, эстрада, опера, рақс соҳасидаги ижодий ишларни баҳолашда номзодларнинг мамлакатимиз ва хориждаги кўрик-танловларда эришган ютуқлари ҳам эътиборга олинди. Айни пайтда “Ниҳол“ соҳиблари юксак савия, мукаммал ижод, мухлисларга доимий ҳурмат, улар эътибори ва эҳтиромига муносибликни ўзи учун мудом шиор билмоғи долзарблик касб этмоқда.
...Муаззам саҳнада мусиқа санъатининг ранг-баранг йўналишларида бетакрор ижро томошабинларга унутилмас завқ, бир дунё таассуротларни улашмоқда. Жозибали мусиқий дастур мамлакатимиз истеъдод соҳибларига нақадар бойлигини яна бир карра намоён этмоқда.
– Ёш истеъдодлар учун таъсис этилган бундай мукофотга муносиб кўрилганимдан беҳад мамнунман, – деди қашқадарёлик Аҳрор бахши Хушвақтов. – Билдирилган бундай юксак ишончни самарали ижод билан оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.
– Юртимизнинг чекка ҳудудларида униб-ўсиб келаётган ёш истеъдодлар айни шу танлов орқали аниқланмоқда, – деди паркентлик ёш хонанда Нодира Мансурова. – Бундай ишонч бизларни янада кўпроқ изланишга чорлайди.
Тантанали тадбирда “Ниҳол“ мукофотининг янги соҳибларига махсус статуэтка, диплом топширилди. Ватанимизни, мустақиллигимизни, меҳнатсевар халқимизни, самимий инсоний туйғуларни тараннум этувчи куй-қўшиқлар санъат мухлислари эътиборига ҳавола этилди.













