Санъат аҳли пахтакорлар ҳузурида
Улар ҳузурига туман маданият бўлими қошидаги “Дилдор” ашула ва рақс жамоаси ташриф буюрди.
Бухоро вилояти Жондор тумани “Мирзаён” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Воҳид Йўлдош Ҳамза“ фермер хўжалиги пахтазорларида пахта тераётган теримчилар учун бу галги тушлик ўзгача кечди. Улар ҳузурига туман маданият бўлими қошидаги “Дилдор” ашула ва рақс жамоаси ташриф буюрди.
Айтганча, “Дилдор” нафақат вилоятда, балки мамлакатимиздаги бадиий ҳаваскорлик жамоалари орасида санъат шинавандалари меҳрини қозонган ансамбллардан бири. Репертуарини мақом ва халқона тароналар билан бойитиб борадиган мазкур дастани мухлислар доим илиқ кутиб олади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Усмон Жабборов, Қаюм Қурбонов, Алишер Орипов каби санъаткорлар ижросидаги дилбар қўшиқлар дала меҳнаткашларига ғоят манзур тушди. Теримчилар рақсга тушгани, гоҳида хонишга жўр бўлганининг боиси ҳам шунда.
– Қўшиқ кишига хуш кайфият бағишлайди, – дейди илғор теримчилардан бири Ўғилой Усмонова. – “Дилдор” жамоасининг қўшиқларидан ҳар биримиз завқландик. Маълумки, кишининг кайфияти яхши бўлса, ишида унум, барака бўлади. Журналистлар тили билан айтганда, яхши дам – меҳнатга ҳамдам-да!
Дарвоқе, мураккаб тупроқ шароити ва жорий йилги об-ҳаво қийинчиликларига қарамай салкам 190 тонна пахта етиштириб, давлатга сотишга бел боғлаган “Воҳид Йўлдош Ҳамза” фермер хўжалиги жамоаси далаларидаги ҳосил мўлжалдагидан кам эмас. Пахтани ёғин -сочинли кунларга қолдирмай йиғиштириб олишга киришган теримчиларнинг иштиёқи ҳам баланд. Уларнинг ҳар бири кунига 180 килограмдан “оқ олтин” териб, хўжалик хирмонига барака киритмоқда. Мавсумнинг дастлабки ҳафтасидаёқ дала аҳлига 72 миллион сўм пул дала бошида берилди.
Таъкидлаш керак, Бухоро вилояти маданият бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари пахтакорларга маданий хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратмоқда. Вилоят мусиқали драма театри, қўғирчоқ театри, эстрада жамоалари, туманлардаги ашула ва рақс ҳамда фольклор ансамбллари доимий равишда теримчилар ҳузурида бўлиб, уларга хуш кайфият улашаётир. Айни пайтда санъаткорлар билан ижодий сафарда ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббусига кўра, далаларда тез тез бўлаётган ёзувчи ва шоирларнинг юрт, эзгулик, меҳнат кишисини шарафловчи чиқишлари пахтакорлар дилидан жой олаётир.