Самимиятга, ҳаётийликка ошно китоблар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли журналист, публицист, уюшма аъзоси Назира Қурбон қаламига мансуб "Кечинмалар ва кечирмалар" ҳамда "Йўлдаман" номли китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
"Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев, медиа соҳада педагог ва журналист Мухтор Худойқулов, журналист Ҳалим Саййид ва бошқалар Назира Қурбон журналистиканинг мураккаб жанрдаридан бири – публицистика йўналишида фаол қалам тебратишини таъкидлади.
–Назира Қурбоннинг "Кечинмалар ва кечирмалар" ва "Йўлдаман" номли китобларида бошқалар англамаган, кўз илғамаган ҳаётий деталларни зийрак нигоҳли журналист, публицист ижодкор кўзи билан кўриб, илғаб, ўқувчиларга маҳорат билан етказа олган, – деди устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. – Бу китоблар ибратли, ҳикматли, ҳаётий воқеаларга бой экани билан аҳамиятлидир.

"Кечинмалар ва кечирмалар" китобида эссе, суҳбатлар, таҳлилий мақолалар ўрин олган. Уларни мутолаа қилар эканмиз, муаллифнинг кечинмалари, эътирофлари, иқрорларининг ўзига хос ва самимий ифодасига гувоҳ бўлиш мумкин. Ушбу китоб кенг ўқувчилар ва журналистика соҳаси вакиллари учун мўлжалланган. Китобга Эътиқодхон Атақулова муҳаррирлик қилган.
"Йўлдаман" номли китобда эса Назира Қурбоннинг журналист сифатида кўплаб хорижий давлатларда бўлиб, улардан ҳосил бўлган қизиқарли хулосаларига кенг ўрин берилган.
Ҳар икки китоб содда, самимий тилда ёзилгани, ҳаётий воқеаларга бой экани билан аҳамиятли. Айтиш жоизки, Назира Қурбон Фарғона вилояти Бувайда туманида таваллуд топган. 1992 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган.
Ижодкор кўп йиллар давомида бир қатор маърифий нашрларда ишлади. У кенг жамоатчиликка олима ва публицист сифатида маълум. У "Журналистиканинг ҳуқуқий асослари" , "Журналистика психологияси", "Журналистиканинг халқаро ҳуқуқий асослари", "Таҳлилий журналистика", "Медиа ҳуқуқи", "Маърифат тарихи" каби китоблар муаллифи, "Дўстлик" ордени соҳибаси.
Назира Қурбон айни пайтда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг “Медиа назарияси ва амалиёти” кафедраси мудири, профессор. Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзоси.
Тадбирда янги китобларнинг мазмуни ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА