Мустақил она Ватанимизда ҳукм сураётган тинчликни асраш, фаровонлик қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, хотиржам юртда эртанги кунга ишонч мустаҳкам. Фарзандларимиз ўсиб-улғайиши, комил инсон бўлиб вояга етиши учун зарур бўлган осойишталикни таъминлашда Ватан ҳимоячиларининг ўрни беқиёс. Юрагида Ватан, халқ севгиси жўш урган шижоатли мард ўғлонлар юрт сарҳадини сергаклик билан қўриқлайди.
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетида “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” мавзусида онлайн тасвирий санъат кўргазмаси очилди. Кўргазмага санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Жамолиддин Раҳматовнинг 60 дан зиёд асари қўйилган.
Ижодкорнинг чизгилари ўзига хослиги, жозибадорлиги, муайян йўналишга эгалиги билан ажралиб туради.
- Жамолиддин Раҳматов ҳар жабҳада ўрнак олса арзийдиган устоз, - дейди СамДУ санъатшунослик кафедраси мудири Нигина Муллажонова. - У бир неча йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиб, Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилишга бевосита ҳисса қўшган. Касбига содиқ, ватанпарвар инсон. Шу билан бирга серқирра ижодкор, моҳир рассом, тажрибали ўқитувчи. Шу кунга қадар мусаввирнинг мингга яқин ижод намунаси мухлислар эътиборига ҳавола этилган. Жамолиддин Раҳматовдан ҳали кўп ижодий янгилик кутамиз.
- Бугунги онлайн санъат кўргазмасида Жамолиддин Раҳматов билан ҳам ижодкор, ҳам шахс сифатида яқиндан танишдим, суҳбатлашдим, фикр алмашдим, - деди санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Ўсар Қаршибоев. – Айни пайт унинг ижодида, асосан, графика йўналиши устувор. Мумтоз классик адабиёт намуналари, қолаверса, ўз ижодий олами, дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда Алишер Навоий асарлари сюжети устида қатор ижод намуналари яратган. Демак, ижодкор, қайсидир маънода, адабиётдан, Навоий ва унинг дурдоналаридан бохабарлиги, таъсирлангани шубҳасиз. Бу таҳсинга сазовор жиҳат. Жамолиддин Раҳматовнинг ишларини нафақат республика, балки халқаро миқёсдаги анжуман, кўргазмаларда ҳам кутиб қоламиз.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ (сурат)
ЎзА