Самарқанд давлат университетида халқаро таълим дастурлари факультети табиий ва аниқ фанлар кафедраси профессори, ҳиндистонлик олим Кристо Анант иштирокида икки кунлик онлайн халқаро вебинар бўлиб ўтди.
«Сунъий интеллект ва машиналарни ўрганиш» мавзусидаги мазкур анжуманда ўзбек ва ҳинд талабалари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар иштирок этди. Ҳиндистон таълим вазирлиги Фан бўлими малака ошириш маркази (IQAC), Фан ва бошқарув коллежи ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларни замонавий илм-фан, техника воситаларини кенг тарғиб қилиш орқали янги, истиқболли технологиялар билан таништиришдир.
Вебинарда сунъий тафаккур (СТ) билан боғлиқ фан, ишлаб чиқариш тармоқлари, машинали ўқитиш, IoT (буюмлар интернети) технологиясига доир маълумотлар ҳам берилди.
- Айниқса, ахборот технологиялари, сунъий тафаккур бўйича истиқболли илмий лойиҳалар, робототехника ва электроника соҳаларига оид маърузалар ҳаммага маъқул келди, - деди табиий ва аниқ фанлар кафедраси мудири, профессор Акмал Аҳатов. - Анжуман профессор-ўқитувчиларнинг халқаро ҳамкорлик бўйича тажрибасини ошириш, халқаро миқёсда университетимиз рейтингини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга жаҳон илмий ҳамжамиятини фаолиятимиз билан янада яқинроқ таништиради.
- Самарқанд давлат университети мен фаолият юритган олийгоҳлар ичида энг қадимий ва нуфузлиси, - дейди профессор Кристо Анант. – Бу гал диққатимиз марказида буюмлар интернети, замонавий математика, биоинженерия каби муҳим йўналишлар бўлди. Айни мавзуларга ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар катта қизиқиш билдираётгани таҳсинга лойиқ. Шу ўринда Самарқанд давлат университети фаолияти мунтазам такомиллашиб бораётганини таъкидлашим жоиз. Айниқса, таълим масканини халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотлари биринчи 1000 талик рўйхатига киритиш учун масъул Трансформация офиси ташкил этилгани қувонарли. Энди университетнинг халқаро нуфузи, илмий салоҳияти янада ошиши аниқ. Бу борадаги ҳар қандай янгиликни қўллаб-қувватлайман.
Беҳрўз Шамсиддинов,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов (сурат)