Самарқанд давлат университети ректори, фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов Туркия Республикасига ташрифи доирасида ТуркСОЙ — Турк Давлатлари Ташкилотининг маданият, санъат ва таълим масалалари билан шуғулланувчи ташкилотининг Истанбулдаги қароргоҳида бўлди.
Мазкур ташриф доирасида ўтказилган тантанали маросимда СамДУ ректори Рустам Холмуродов ҳамда университетнинг Филология факультети декани, таниқли турколог олим Жўлибой Элтазаровга ТуркСОЙ ташкилоти томонидан таъсис этилган олтин медаль топширилди. Ушбу юксак мукофот Турк дунёсининг маданий ва таълимий тараққиётига қўшилган катта ҳиссаси учун берилади.

Маросимда сўзга чиққан ТуркСОЙ Бош котиби ўринбосари Ержан Ваис, профессор Рустам Холмуродовнинг туркий давлатлар олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдаги фидокорона хизматларини, шунингдек, профессор Жўлибой Элтазаровнинг туркология соҳасидаги муҳим илмий ютуқларини алоҳида эътироф этди. Ташкилот вакили ҳар икки олимнинг кўксига Турк дунёсининг миннатдорчилик ва эътироф нишонини тантанали тарзда тақиб қўйди.
Маросим якунида туркий давлатлар олий таълим муассасалари ўртасида таълим ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир фикр алмашилди.

ЎзА