Бугун, 7 июнь куни Арманистон пойтахти Ереванда спорт ва жанговар самбо йўналишлари бўйича жаҳон кубоги баҳслари бошланди.
Мукофот жамғармаси 196 минг АҚШ долларидан иборат бўлган турнирда дунёнинг энг кучли самбочилари 28 та вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этмоқда.

Мазкур нуфузли мусобақада самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси иштирок этмоқда.
Маҳоратли самбочиларимиздан Илҳом Пармонов (-58), Аъзам Рашидов(-64), Убайдулло Мўминов(-71) ва Асқарбек Авганов(-88) спорт самбо мусобақаларида кураш олиб бормоқда. Рўзматбой Раҳимберганов(-71) эса жанговар самбо йўналишида чемпионлик учун жангларга киришади.

Бугун кун давомида спорт ва жанговар самбо йўналишларининг 14 та вазнида беллашувлар бўлиб ўтади.
Эртага жанговар самбо йўналишидаги беллашувларда Рўзматбой Раҳимберганов ўз омадини синаб кўради.
Жаҳон кубоги низомига мувофиқ, мусобақада ғолибликка эришган самбочилар 3 минг, 2-ўрин соҳиблари 2 минг ва 3-ўриндан жой олганлар минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Ереван спорт майдонида ўтаётган беллашувларни бошқариб боришда ўзбекистонлик тажрибали самбо мутахассиси Ислом Одилов ҳакам сифатида қатнашмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА