“Самавто” доимий тараққиёт йўлида
Бугун юртимиз шаҳар ва қишлоқларида халқимиз узоғини яқин, оғирини енгил қилаётган замонавий “ISUZU” автобуслари ва юк машиналари ўзимизда – Самарқанддаги автомобиль заводида ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон – Япония ҳамкорлиги
Бугун юртимиз шаҳар ва қишлоқларида халқимиз узоғини яқин, оғирини енгил қилаётган замонавий “ISUZU” автобуслари ва юк машиналари ўзимизда – Самарқанддаги автомобиль заводида ишлаб чиқарилган.
Бундан йигирма йил аввал, 1999 йил март ойида Самарқанд шаҳрида замонавий автобуслар ишлаб чиқарилиб, Самарқанд автомобиль заводининг тижорий фаолияти бошланган эди. Дастлаб заводда 2 русумдаги автобус, 3 русумдаги юк ташиш автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2006 йилда “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти Япониянинг “ISUZU Motors” компанияси ва “Itochu Corporation” корпорацияси билан ҳамкорлик ўрнатди ва заводда ISUZU шассиси асосида автобус ва юк машиналари ишлаб чиқариш бошланди.
Айни пайтда Самарқанд автомобиль заводида шаҳар ичида ва шаҳардан ташқарида ҳаракат қилишга мўлжалланган 7 турдаги замонавий автобуслар, 36 хил юк ва махсус автомобиллар тайёрланмоқда. Ҳамкорлик йўлга қўйилган 2006-2007 йилларда корхонада 1,5 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб унинг йиллик қуввати 4,5 мингга етди.
Энг муҳими, ўтган даврда самарқандлик автомобилсозлар ўз миллий маҳсулоти – LE60 паст сатҳли шаҳар автобусини яратиб, уни кенг кўламда ишлаб чиқармоқда. Ҳозир ушбу турдаги замонавий автобуслар пойтахтимиз ва бошқа шаҳарларда аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Грузия ва бошқа давлатлардан ҳам LE60 га буюртмалар кўп.
– “Itochu Corporation” билан савдо масалаларида ҳамкорликни амалга оширсак, ишлаб чиқариш жараёнлари бевосита “ISUZU Motors” компанияси билан боғлиқ, – дейди Самарқанд автомобиль заводи бош директорининг техник масалалар бўйича ўринбосари Ҳусен Қобилов. – Компания томонидан бизга 5 тоннадан 17 тоннагача юк кўтариш қувватига эга 16 хил шасси етказилмоқда. Шу асосда корхонада 40 турдан ортиқ кузовлар ўрнатилган кичик, ўрта ва оғир юк кўтариш машиналари, турли махсус транспорт воситалари ва автобуслар ишлаб чиқарилмоқда.
Айни пайтда япониялик ҳамкорлар билан биргаликда корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича қатор лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз.
Кейинги йилларда корхонада замон талабларига мос бошқарув тизимлари жорий этилмоқда. Ҳар бир моделни ишлаб чиқаришда халқаро ва миллий стандартларга қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишчи-ходимлар учун юртимизда ва Японияда мунтазам равишда малака ошириш курслари ташкил этилган.
Бундан ташқари, корхонада фойдаланилаётган технологиялар, асбоб-ускуналар мунтазам янгиланиб борилмоқда. Жумладан, кузовларни бўяш цехи тўлиқ замон талабларига мос ҳолда янгиланди. Айни пайтда япониялик ҳамкорларимиз билан янги цех, қўшимча бино ва бошқа зарур бинолар қуриш бўйича лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Бу лойиҳа 2021 йилда якунланиши белгиланган. Бунга япониялик ҳамкорларимиз ҳам инвестиция киритиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 мингтага етказилади.
Минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган автобуслар, юк ва махсус транспорт воситалари бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Афғонистон, Грузия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Кейинги йилларда экспорт географиясини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида яқин кунларда Украина ва Яқин Шарқ мамлакатларига “СамАвто” автомобилларини етказиб бериш йўлга қўйилади.
Бозор талабига қараб маҳсулотлар тури, сифатини ошириб бораётган Самарқанд автомобиль заводи тез орада янги турдаги автотранспорт воситаси тақдим этишни режалаштирган.