Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” китобининг очиқ ҳолдаги кўринишида бунёд этилган “Самарқанд” халқаро аэропорти фойдаланишга топширилди.
1967 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Самарқанд” халқаро аэропортини бугунги кун талабларига мос, замонавий кўринишда бунёд этиш бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан 2019 йилнинг июль ойида бошланган қурилиш ишлари якунланди. Дунёнинг йирик туристик марказларидан бири ҳисобланган Самарқанд шаҳрида туризм ҳамда тижорат учун барча қулайликларга эга бўлган янги лойиҳадаги аэропортда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барча зарурий шароитлар яратилган.
“Самарқанд” халқаро аэропортининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Транспорт вазири, “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов, “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Раъно Жўраева, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев ва бошқалар янги бунёд этилган терминал Самарқанднинг ўзига хос ва мос бўлганлигини алоҳида таъкидлаб, бу ерда яратилган имкониятлар келгусида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, туризмни янада ривожлантиришга муносиб хизмат қилишини қайд этишди.
- Юртимизда ҳукуматимиз томонидан транспорт-логистика инфратузилмасини. Шу жумладан, туризмни риавожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, - деди “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов. – “Самарқанд” халқаро аэропортининг замонавий архитектуравий ечимлар асосида бунёд этилган янги комплекси бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга муносиб хизмат қилади. Биринчидан, йўналиш парвозларини сонини, мамлакатимига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, транзит йўловчилар оқимини ошириш имконияти яратилади. Иккинчидан ушбу терминалда йўловчиларга сифатли, қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар муҳайё. Ўйлайманки, “Самарқанд” халқаро аэропорти хабининг кенгайиши ҳар жиҳатдан юртимиз равнақига хизмат қилади.
Берилган маълумотларга кўра, амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларидан сўнг Ўзбекистондаги энг йирик аэропортлардан бирига айланган, қуввати жиҳатидан Марказий Осиёда иккинчи ўринда қайд этилган Самарқанднинг “Ҳаво дарвозаси”да 17 та янги мунтазам халқаро йўналишлар йўлга қўйилади.
[gallery-6211]
Шунингдек, аэропортни йирик транспорт хабига айлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тага оширилади. Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади.
“Очиқ осмон” режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйиш назарда тутилган.
“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ҳамда “Air Marakanda” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа натижасида янги аэропортда учиш-қўниш йўлаги барпо этилди. Замонавий радиоалоқа ва ёритиш тизими қурилиб, 4 та янги трап тайёрланди. Ҳудудда 70 та самолёт, 700 та енгил автомобиллар учун махсус бекатлар қурилди.
Янги терминал соатига 800 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, “очиқ осмон” режимида фаолият кўрсатади.
“Самарқанд” халқаро аэропортининг бугунги замонавий қиёфасини яратиш учун умумий 170 миллион доллар маблағ сарфланди.
- “Самарқанд” халқаро аэропортини замонавий технологиялар асосида ўзига хос лойиҳа асосида, бошқача айтганда кўҳна Самарқанднинг номи ва шуҳратига мос тарзда барпо этилди, - дейди “Самарқанд” халқаро аэропорти бош директорининг операцион фаолият бўйича ўринбосари Ҳилми Йилмаз. – Биз йўловчиларга ҳар томонлама қулайлик яратишга ҳаракат қилдик. Кўриб гувоҳи бўлаётганингиз, рўйхатдан ўтказиш, кутиш заллари, хизмат кўрсатиш, барча-барчаси бугунги замон талабига жавоб беради ва тезкор хизмат кўрсатилади. Йўловчи биринчи навбатда вақтини тежашни истайди. Янги аэропорт ушбу талабга тўлиқ жавоб беради.
Ўйлайманки, “Самарқанд” халқаро аэропорти лойиҳавий жиҳатдан ҳам, хизмат кўрсатиш сифати жиҳатдан ҳам Осиёда ўз ўрнига эга ва ўрнак бўладиган масканга айланади.
Маълумотларга кўра, замонавий аэропортнинг ишга туширилиши натижасида “Uzbekistan Airways” жорий йилдан “Самарқанд – Москва - Самарқанд” йўналишида ҳафтасига уч маротаба, “Самарқанд – Санкт-Петербург - Самарқанд” йўналишида ҳафтасига икки маротаба, “Самарқанд – Истанбул - Самарқанд” йўналишида ҳафтасига уч маротаба, “Самарқанд – Олмаота – Самарқанд” йўналишида ҳафтасига икки маротаба, “Самарқанд – Тошкент - Самарқанд” йўналишида ҳафтасига уч маротаба парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, авиакомпания 2023 йилда йўналиш тармоғини ривожлантириб, янги Шаржа ва Красноярск маршрутларини очишни режалаштирмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА