Самарқанднинг янгиланган ҳаво дарвозаси
Шу кунларда “Самарқанд” халқаро аэропорти ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Ушбу замонавий ва юқори технологик аэропортда барча зарур инфратузилма яратилган.
ШҲТнинг Самарқанд саммитида иштирок этиш учун келаётган хорижий давлатлар делегациялари вакиллари, меҳмонлар шаҳарнинг ҳаво дарвозасида яратилган шароитлардан мамнун. Меҳмонларнинг кўпчилиги аэропортнинг ўзига хос меъморий ечимига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Аэропорт терминали биносининг Мирзо Улуғбек “Зижи жадиди Кўрагоний” китобининг очиқ ҳолдаги кўринишида бунёд этилганида ўзига хос маъно мужассам. Самарқандга келган меҳмон остонадаёқ ана шу тарихий улуғворликка гувоҳ бўлиб, улуғ алломаларга бешик бўлган заминга қадам қўяди.
[gallery-8762]
Аэропорт терминалининг биносининг кенглиги 175, баландлиги эса 25 метрни ташкил этади.
Дунёнинг йирик сайёҳлик марказларидан бири ҳисобланган Самарқандда туризм ва тижорат учун барча қулайликларга эга бўлган ушбу аэропортда сайёҳларга барча шароит-шароит яратилган. Аэропорт соатига 800 нафар йўловчи ва ҳафтасига 120 тагача рейсга хизмат кўрсатиш қувватига эгалиги унинг имкониятлари қай даражада юқори эканлигини тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилда ушбу аэропортини кенгайтириш режалаштирилган эди. 2019 йилнинг июлида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи чоғида лойиҳа миқёси янада йириклашди.
Шаҳарга келаётган меҳмонлар аэропортда йўловчилар ва юкларни рўйхатдан ўтказишдаги қулайликлар, умуман қўнгандан сўнг қулай хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганини таъкидлашмоқда.
Икром Аввалбоев, Аъло Абдуллаев(сурат), ЎзА