Ўзбекистон яна дунё ҳамжамияти нигоҳида бўлиб турибди.
15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳри йирик сиёсий халқаро тадбир – ШҲТнинг навбатдаги саммитига мезбонлик қилади.
Мазкур Саммит ва умуман, ШҲТ фаолиятида Ўзбекистоннинг иштироки хусусида қуйидаги муҳим жиҳатларни кўрсатиш лозим.
Биринчидан, ШҲТ саммитининг айнан Самарқандда ўтказилиши чуқур рамзий маънога эга. Маълумки, Самарқанд ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим, санъат ва маданият ўчоғи, савдо-иқтисодий алоқаларнинг муҳим кесишган нуқтаси бўлган. Яна бир диққатга сазовор жиҳат. Самарқандда ўша даврда ўрта асрларга хос бўлмаган ноёб архитектура намуналари бунёд этилган. Шу билан бирга, ушбу шаҳар кўплаб тарихий жараёнлар, йирик ижтимоий-сиёсий жараёнларга гувоҳ бўлган. Шу маънода айтиш мумкинки, Самарқанднинг бой тарихий мероси бугун ШҲТ саммити фонида янги тўлқинга эга бўлмоқда. Ва у ШҲТнинг асосий қадриятлари, тамойилларига тўла мос келади. Яъни, ўзаро манфаат, тенг ҳуқуқлилик, ташкилотга аъзо-давлатлар маданиятларининг турличалиги ва унга нисбатан ҳурматнинг мавжудлиги.
2001 йилда ЮНЕСКО томонидан Самарқанднинг бутунжаҳон мерос объекти ва маданият чорраҳаси дея эълон қилиниши ҳам мазкур шаҳарга бўлган юқори эътирофдир.
Бундан ташқари, АҚШнинг йирик оммабоп интернет нашрларидан бири бўлган “The Huffington Post” Самарқандни саёҳат учун бориш керак бўлган дунёнинг 50 та шаҳари қаторига киритган.
Иккинчидан, Самарқанд саммити ШҲТнинг учинчи ўн йилликка қадам қўйишини бошлаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Маълумки, Ўзбекистон ушбу йирик ташкилотнинг асосчиларидан, муассисларидан бири ҳисобланади. Ўтган тарихан қисқа вақт мобайнида ШҲТ глобал дунёда ўзининг “профили”ни очишга муваффақ бўлди. Ташкилот халқаро муносабатлар тизимида, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди.
ШҲТ ташкил қилинган 2001 йилда кун тартибидаги асосий масалалардан бири хавфсизлик эди. Бугунги кунга келиб, ташкилот фаолиятида қамраб олинмаган бирон-бир вазифани топиш қийин. Бу сиёсат, иқтисодиёт, тиббиёт, транспорт, савдо, маданият, фан-таълим, маданий-гуманитар алоқалар ва ҳоказо. Бу ҳам бўлса ташкилот кўлами ва миқёси кундан-кунга ортиб бораётганидан далолат.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, ШҲТга аъзо-давлатлар ҳудуди 34 млн км. кв.. Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини ташкил қилади. Аъзо давлатларда дунё аҳолисининг деярли ярми ( 3.4 миллиард) истиқомат қилади. Умумий ЯММ ҳажми эса жаҳон иқтисодиётининг қарийб тўртдан бирини – 22 фоизни ташкил қилади.
Энг муҳими, Ўзбекистон қандайдир перифериядаги давлат сифатида эмас, балки бу жараёнларнинг фаол иштирокчиси, ташаббускори сифатида гавдаланмоқда. Бунда шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўрни беқиёс. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташкилотнинг 2020 йилдаги саммитидаги нутқида билдирган муҳим фикрни, таъбир жоиз бўлса, “чақирув”ни келтириб ўтиш лозим. Яъни, “агар ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ ҳам кучли бўлади”.
ШҲТнинг амалдаги Бош котиби Чжан Мин фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикри Ўзбекистоннинг ташкилотдаги фаолияти ва конструктив позициясини тўла очиб беради.
Учинчидан, сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан ташкилот доирасида кўплаб муҳим таклиф, ташаббуслар илгари сурилди. Шу ўринда мен муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман. Ўзбекистонда ШҲТга раислик қилган ўтган бир йил давомида катта кўламдаги ишлар амалга оширилди. Яъни, фақатгина Саммитни ўтказишга тайёргарлик билан чекланиб қолинмади. Бир йил давомида турли соҳа ва йўналишларда кўплаб учрашувлар ташкил қилинди. Бу фестиваллар, санъат ва маданият вакилларининг учрашувлари, туризм соҳасидаги тадбирлар, спорт мусобақалари ва яна қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг учрашувларини ўз ичига олади. Бутун йил давомида “Шанхай руҳи” мамлакатимизда бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Тўртинчидан, маълумки, Тошкентда ШҲТнинг муҳим 2 та бўғини, рамзий маънодаги қаноти бўлган – Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва Халқ дипломатияси маркази фаолият юритади. Бежизга бу иккала тузилмани муҳим демаяпман, сабаби, уларнинг фаолияти ўзаро тўлдирувчан ва узвий боғлиқ. Янада аниқроқ айтганда, хавфсизлик таъминланмаган жойда халқларнинг ўзаро ҳамкорлиги, алоқалари рисоладагидек бўлмайди. Ўз навбатида, халқлар ўзаро яқинлашса, маданий-гуманитар алоқалар ривожланса муайян маконда кескинлик ҳолати юзага келмайди. Шу нуқтаи назардан, мазкур тузилмаларнинг Ўзбекистонда жойлашганлиги мамлакатимизнинг ташкилотдаги ўрни ва нуфузи юқоридалигидан далолат беради.
Бешинчидан, Самарқанд саммитида биз ШҲТнинг тарихий жараёнларига гувоҳи бўлишимиз. Бу нафақат ташкилотнинг географик жиҳатдан кенгайиши билан боғлиқ, балки маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши билан боғлиқ.
Умуман олганда, Самарқанд саммити ШҲТнинг тарихий солномасидан муҳим ўрин эгаллайди ва шубҳасиз, ташкилот фаолиятининг янги ривожланиш босқичига ўтиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Аброр ЮСУПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,
Сиёсий фанлар доктори (PhD).
ЎзА