Самарқандни янада ривожлантириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев бугун вилоят фаоллари, Олий Мажлис Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда вилоят Кенгаши депутатлари иштирокидаги мажлисда вилоят аҳлига мурожаат қилди.
Вилоят раҳбари ўтган йил якунлари ҳақида маълумот бериб, жорий йилга мўлжалланган вазифаларга эътибор қаратди.
– Ўтган йил вилоятимизга 928,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция маблағлари жалб этилиб, 147 та лойиҳа ишга туширилди, – деди А.Бобоев. – Йил давомида166 та қўшма корхона ташкил этилди ва уларнинг сони 926 тага етди. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 2,8 миллиард долларга етди ва экспорт ҳажми 2023 йилга нисбатан 127 фоизга ошди. Бу кўрсаткичлар вилоятимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, 2024 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,9 фоиз ўсгани шундан далолат беради.

Бу йил олдимизга яна ҳам катта марраларни қўйганмиз ва унга эришиш учун бутун вилоятимиз аҳли ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз лозим.
2025 йил бошида ҳудудимиздаги 324 минг нафар аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 7,7 фоизни ташкил этмоқда.
2024 йил бошида 98 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, шу даврга қадар амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 23 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқаришга эришилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида бу йил қолган 75 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилани камбағалликдан чиқариш керак. Бунинг учун камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарлар мутасадди ташкилотлар, “маҳалла еттилиги”, банк тизими ходимлари, тадбиркор ва фермерлар билан биргаликда ҳар бир оиланинг эҳтиёжи ва даромадларини ошириш имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда манзилли режалар асосида ишлаши зарур.
Мурожаатда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, маҳалларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига эришиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш каби масалалар юзасидан ҳам ташаббуслар илгари сурилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири