Самарқанд халқаро аэропортида Ҳаж зиёратига отланган зиёратчилар кузатилди.
Вилоят ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари уларга оқ йўл тилади.
– Бу йил мингга яқин самарқандликлар Ҳаж зиёратига бормоқда, – дейди вилоят бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Ёқубжон Мансуров. – Динимизнинг бешинчи фарзи бўлган Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун зиёратчиларга барча шароитлар яратилди. Улар сафар олдидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, муқаддас Ҳаж амалларини мукаммал амалга ошириш учун махсус ўқув курслари ташкил этилди. Ўйлаймизки, ҳожиларимиз зиёрат амалларини динимизга хос одоб-аҳлоқ билан адо этиб, юртимиз тинчлиги, тараққиёти учун дуолар қилиб қайтишади.
[gallery-17673]
– Улуғ зиёрат насиб этганига беадад шукурлар бўлсин, – дейди булунғурлик Собир Махсумов. – Динимизнинг муҳим амалларидан бирини адо этишга йўл олаётган ҳар бир юртдошимизнинг қалбида шу кунларга етказганига шукроналик ҳисси бор. Албатта, ҳар бир зиёратчининг муқаддас заминда қиладиган илк дуоси юртимизнинг тинчлиги бардавом бўлишини тилашдан бошланади. Ҳаж амалларини муносиб адо этиш барча зиёратчиларга насиб этсин.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари