Самарқандликлар “Фавворалар сайли”да
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун, 1 май куни Самарқанд шаҳридаги фавворалар атрофида аҳоли ҳар кунгидан анча гавжум. Чунки, кўҳна шаҳарда бугун “Фавворалар сайли” ўтказилмоқда.
Соат 10:00 дан 14:00 гача сайилнинг биринчи қисми бўлиб ўтди. Унда мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари томонидан концерт дастурлари намойиш этилди. Умумтаълим ўқувчилари ўртасида расмлар танлови уюштирилди. Сайил кексаю ёшларга манзур бўлиб, баҳорга хос бўлмаган бугунги ҳароратли кунларда барчага кўтаринки кайфият улашмоқда.
[gallery-23118]
– Яшаш хонадоним фаввораларга яқин бўлмаса-да, ҳар куни набираларни олиб уларнинг атрофини сайр қилиб кетаман, - дейди Самарқанд шаҳрининг “Гулобод” маҳалласида яшовчи Солижон Нарзиқулов. – Ҳаво ҳароратига кўтарилган сайин фавворалар атрофида аҳоли гавжумлашади. Набиралар фавворалар атрофида ўйнаб, маза қилиб ҳордиқ чиқаришади. Биз кексалар ўриндиқларда уларнинг шодон кулгуларидан завқ олиб, тенгқурларимиз билан ҳамсуҳбат бўламиз. Муҳими, кунимизни чоғ ўтказиб, кайфиятимиз кўтарилади. Кексаликда бу жуда ҳам муҳим экан. Шу боис, бу ерга келишни кундалик эҳтиёжга айлантирганман.
Соат 17:00 дан 22:00 гача “Фавворалар сайли”нинг иккинчи қисми ўтказилади. Унда ҳам қизиқарли маданий дастурлар намойиш этилиши белгиланган.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА