Самарқандлик ёшлар билан учрашув
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев вилоятнинг бир гуруҳ ёшлари билан учрашди.
Агентлик раҳбари дастлаб “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, самарқандлик ёшлар ҳаётидаги ўзгаришлар, ижтимоий кўмакка муҳтож йигит-қизлар, иқтидорли ёшлар, спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди.

Шундан сўнг учрашув қатнашчилари агентлик директорига турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Муаммоларга ечим изланди, ёшлар таълим-тарбияси, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши юзасидан таклифлар билдирилди.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Бекзод Бурхонов олий ўқув юртларида “Ibrat Academy” клублари очишни таклиф қилди. Агентлик директори бу ташаббусни маъқуллаб, дастлаб Самарқанддаги олий таълим муассасаларида шундай клубларни ташкил этиш ва кейинчалик бутун республикада жорий қилишни билдирди.

– Агентлик директорига ёшларни тадбиркорликка тайёрлаш, бунда замонавий услублардан фойдаланиб ўқитиш бўйича лойиҳаларни ташкил этиш, ўзим фаолият олиб бораётган ЮСАИДнинг бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида ёш тадбиркорларга кўмак кўрсатиш бўйича таклифларимни билдирдим, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Абдулазиз Суяров. – Шунингдек, “Жадидлар” ва “Уйғониш” китоблари тўпламларини чет тилларига ўгириб, чоп эттириш лозимлигини айтдим. Таклифларим қўллаб-қувватланди.

Ўтган йилги учрашувда ёш ижодкор Аббос Шодмонқулов “Уйғониш” номли китоб чоп этишда моддий ёрдам сўраган эди. Ушбу мурожаат асосида самарқандлик иқтидорли ёшларнинг ижодий ишлари жамланган тўплам 500 нусхада чоп этилди. Учрашувда шу китобнинг бир нусхаси Алишер Саъдуллаевга совға қилинди.
Учрашув давомида ўттиздан ортиқ ёшларнинг мурожаатлари қайд этилиб, назоратга олинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари