Самарқандлик тадбиркорларни нима қийнаяпти?
Самарқандда ҳукумат комиссияси томонидан вилоят тадбиркорлари билан учрашув ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили ўтказиладиган тадбиркорлар билан бевосита мулоқот олдидан ташкил этилган тадбирда Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев, Бизнес-омбудсман Д.Қосимов ва вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Учрашувда иш фаолиятида турли муаммоларга дуч келаётган тадбиркорлар электр энергияси, табиий газ таъминоти, кредит олиш, инфратузилмани яхшилаш каби масалалар юзасидан комиссия аъзоларига мурожаат қилди.
Масалан, Нуробод туманидаги “Мароқанд цемент инвест” қўшма корхонаси вакили табиий газ етишмовчилиги борасида ўз муаммосини билдирди.

– Корхонамиз учун ойига 500 минг куб метр табиий газ лимити ажратилган, – дейди тадбиркор Раҳмон Аҳроров. – Лимитни 10 кунда ишлатиб бўлиб, қолган 20 кун ишламасдан турибмиз. Шу боис, лимитимизни 1,5 миллион куб метрга оширишга амалий ёрдам беришларингизни сўрайман. Биз кўмирга мослашган янги ускуналар учун Хитойга буюртма берганмиз. Ускуналар етиб келиб, ўрнатиб ишлатгунимизча, яъни жорий йил декабрь ойигача оширилган лимитда газ берилса, сўнгра доимий тўлиқ кўмирда ишлашга ўтамиз.
Маълумот учун ҳозирда вилоятимизда тўртта цемент ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Соҳа масъуллари тадбиркорнинг илтимосини ҳозирча қондиришнинг имкони борлигини, агар тегишли вазирликдан қўшимча лимит берилса, корхонага белгиланган муддатгача эҳтиёжига етарли миқдорда газ етказилиши айтилди.
Учрашувда қайд этилган масалаларга ечими бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Аксарият муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан аниқ муддат белгиланди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА