Самарқандлик ижодкорлар Нукусда
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга Самарқанд вилояти амалий ёрдам беришга масъул этиб белгиланган.
Мазкур ташаббус асосида Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар Нукусда бўлиб, маҳаллий мутасаддилар билан бирга туманни 2022-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича иш олиб бормоқда. Самарқандликлар томонидан Нукусда боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга оид лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишдаги алоқалар маданий соҳада ҳам йўлга қўйилиб, бугун Нукусда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси – Самарқанд вилояти маданияти ва санъати фестивали ўтказилмоқда.

Бугун тонгда юз нафарга яқин самарқандлик маданият ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, театр ва кино актёрлари Нукусда тантанали кутиб олинди. Тумандаги таълим муассасалари, маҳаллаларда қорақалпоғистонлик ва самарқандлик ижодкорлар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
15-болалар мусиқа ва санъат мактабидаги шундай учрашувда бугунги адабий жараён, миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, истеъдодли ёшларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташббуснинг бири ёшларни мусиқа ва санъатга ошно этиш ҳисобланади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров. – Шундан келиб чиқиб, бугун жойларда ёшларни санъатга қизиқтириш, бу борада истеъдоди бор йигит-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нукусда ҳам бундай ёшлар кўплигига амин бўлдик. Бугун уларга маҳорат сабоқлари ўтиб, миллий мусиқа санъатимиз, мақом ва бахшичилик анъаналари ҳақида маълумот бердик.

Тадбирлар доирасида самарқандлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Жондан азиз” бадиий фильми тақдимоти ва намойиши ўтказилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА