Самарқандлик фидойилар тақдирланди
Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги ҳамда турли саналар, касб байрамлари муносабати билан Президентимиз Фармон ва қарорларига кўра, 60 нафардан ортиқ самарқандлик фидойи инсонлар давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Янги йил байрами арафасида вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбир қатнашчиларини табриклаб, Ватан, халқ учун бажарилган фидойи меҳнат доим қадрланиши, муносиб эътироф этилишини таъкидлади.
– Бу йил бутун дунё халқлари, жумладан, биз учун ҳам мураккаб, синовли йил бўлди, – деди Э.Турдимов. – Коронавирус пандемияси кўп режа ва мақсадларимизни амалга оширишга тўсқинлик қилди. Шунга қарамай, Президентимиз, давлатимиз томонидан кўрилган чоралар туфайли, ҳар бир соҳа ва тармоқлар вакилларининг ўз ишига маъсулият билан ёндошиши эвазига бу йил учун белгиланган режа ва вазифаларни бажаришга эришдик. Бундай фидойилик эса Юртбошимиз томонидан муносиб эътироф этилди, давлат ва жамият фаолиятидаги фаоллиги учун кўплаб юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Хусусан, бу йил коронавирус пандемиясига қаршиш курашишдаги фидойилиги учун тиббиёт ходимларини мукофотлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг иккита фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида вилоятимиздан 15 нафардан ортиқ соҳа вакиллари давлат мукофотига сазовор бўлди. Улар якунига етаётган йилда жамиятимизнинг энг жонкуяр инсонлари, бугунги кун қаҳрамонлари сифатида барчамизнинг ҳурмат-эҳтиромимизга муносибдирлар.
Шундан сўнг давлат мукофотларини Президентимиз номидан вилоят ҳокими Э.Турдимов ўз эгаларига топширди.
[gallery-626]
Маросимда давлат мукофотига сазовор бўлган юртдошларимиз ҳам ўз дил сўзларини баён этиб, юксак эътироф ва эътибор зиммаларига янада улкан масъулият юклашини таъкидлади.
– Тўғриси, шундай катта давлат мукофоти берилишини кутмаган эдим, – дейди Нуробод туманидаги “Олға” масъулияти чекланган жамияти бош чўпони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор Машраб Тўраев. – Лекин бу фақат менга эмас, хўжалигимизнинг барча аъзолари, чўпонларига берилган мукофот деб биламан. Энди бу шарафли номни оқлаш учун яна ҳам кўпроқ меҳнат қиламиз.
– Бу йил ҳеч бир соҳа учун, жумладан, тадбиркорлар учун ҳам осон бўлмади, – дейди Ургут туманидаги “Ургут текстиль шифер” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Зайниддин Аҳроров. – Шундай мураккаб вазиятда давлатимиз томонидан берилган имтиёз ва енгилликлар туфайли иш фаолиятимизни давом эттирдик, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришдик. Мукофот эса бундан буён ҳам вилоятимиз, юртимиз иқтисодиёти барқарорлиги учун сидқидилдан ишларга даъват этади.
– Тўғри, пандемия шароитида оғир юк тиббиёт ходимлари зиммасига тушди, – Самарқанд вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, I даражали “Саломатлик” ордени соҳиби Давронбек Жуманиёзов. – Барча ходимларимиз ўз бурчи, қасамёдига содиқ қолиб фаолият олиб боришга интилди, жонини ҳам аямади. Лекин бу жараёнда бизнинг самарали, хавфсиз ишлашимиз, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Биргина вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларига бу йил 29 миллиард сўмлик жиҳозлар берилди, 100 дан ортиқ янги тез ёрдам машиналари олинди. Ана шулар тиббиёт ходимларининг муваффақияти омили бўлди, десам хато бўлмайди.
Паст Дарғом тумани ички ишлар бўлимининг фаол ва жасоратли ходимларидан бири, хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган катта лейтенант Равшан Боқиев “Жасорат” медалига муносиб кўрилган эди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов ушбу мукофотни Р.Боқиевнинг оила аъзоларига топширди.
Булунғур тумани “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, бир аср умр кўрган Ғаппор ота Чумбаев ҳам давлатимиз раҳбари фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганди. Вилоят ҳокими Ғаппор отанинг хонадонига бориб, ушбу мукофот ва эсдалик совғаларини топширди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА