Самарқандга 23 та электробус келтирилди
Самарқанд шаҳрида аҳолига замон талабларига мос, сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатиш мақсадида 23 та электробус келтирилди.
Маълумки, Самарқанд Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳар” лойиҳасига киритилган юртимиздаги биринчи шаҳар ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Самарқанд шаҳри жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш бўйича кредит шартномаси имзоланган. Шартномага кўра, аҳолига жамоат транспорти хизмати кўрсатиш учун Самарқандга 100 та электробус, уларни қувватлаш ускуналари келтирилиши лозим.
Элекробус хариди бўйича эълон қилинган тендерда Хитойнинг "Yutong" компанияси ғолиб чиқиб, 2023 йил май ойида дастлабки 6 та электробусни етказиб берган эди.

Шинам, атроф-муҳитга зарарсиз ҳамда деярли шовқинсиз ушбу электробуслар шаҳарнинг “Самарқанд халқаро аэропорти – Самарқанд темирйўл вокзали” йўналишида аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
75 йўловчи сиғимига эга транспорт воситаси салонида видеокузатув камераси ўрнатилган, шунингдек, иситиш ва совитиш тизимига эга. Бир қувватланиш билан 300-350 километр масофани босиб ўтади.
– Айни пайтда шаҳарда ҳаракатланаётган 6 та электробус ҳайдовчи ва йўловчиларга манзур бўлди, – дейди Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. – Аҳоли бу транспорт воситаси қулайлигини айтмоқда. Йил якунигача шартномада кўзда тутилган барча электробусларни Самарқандга келтириш кўзда тутилган. Ноябрь ойида 20 дан ортиқ электробус келтирилди. Уларни шаҳардаги асосий йўналишларга жойлаштириш бўйича иш олиб борилмоқда.
Айни пайтда шаҳарда электробус парки қурилиб, қувватлантирувчи мосламалар ўрнатилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири