Мақбара яқин кунларгача “Ишратхона” деб аталган. Бир неча йил аввал Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари мажмуанинг номи аслида “Ашратхона” (арабча-форсча ўнта хона) эканлигини, бу ном талаффузда ўзгариб “Ишратхона” тарзида ишлатилиб келинганини асослаб, мақолалар эълон қилди. Шу тариқа мазкур мақбара моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига “Ашратхона” тарзида киритилди.
Абу Тоҳирхўжанинг XIX асрнинг 30 йилларида ёзилган “Самария” асаридан бошқа биронта манбада мақбара “Ишратхона” номи билан аталмайди.
“Ашратхона” номи ҳам шартли равишда қўйилган. Бу XVIII асрда Бухоро хонлигида юз берган сиёсий инқироз билан боғлиқ. Ўшанда қабилалар ўртасидаги урушлар, бир неча марта юз берган босқинлар натижасида ҳудудда вабо тарқалиб, аҳоли Самарқандни тарк этади. Бухоро амири Шоҳмурод даврида қайта тикланган Самарқанд ҳақида турли ҳудудлардан кўчириб келтирилган аҳоли тўлиқ билимларга эга бўлмасдан қадимий меъморий обидаларга ўзларича ном берадилар. Бундай ҳолатлар Самарқанд тарихида кўп учрайди. Масалан, Амир Темур мақбараси орқасидаги обиданинг мақбара бўлишига қарамай Оқсарой деб аталиши, Амир Темур жомеъ масжидининг Бибихоним жомеъ масжиди деб аталиши, Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонаси ўрнининг унутилиши ана шу жараён билан боғлиқдир.

Бунёд этилиши тарихи
Мақбара Регистон майдонининг жануби-шарқ томонида, эски шаҳар чеккасида жойлашган. Амир Темур ҳукмронлиги йилларида бу ердан “Дарвозаи Феруза” дан “Боғи Дилкушо” га ва “Боғи Бўлди” га бориб тақалувчи серқатнов йўл ўтган. Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарида ёзилишича, бу бино темурий ҳукмдорларидан Абу Саид Мирзонинг рафиқаси Ҳабиба Султон бегимнинг буйруғи билан қизи Султон Ҳованд Бека учун барпо қилинган. Мақбара қисқа вақт ичида, яъни 3-4 йил ичида қурилган. Қурилиш ишлари 1463 май ойида тугатилган. Дастлаб Хованд Султон учун қурилган ушбу ҳашаматли мақбара кейинчалик, темурийлар сулоласи аёллари ва болалари учун оилавий дахмага айланган. Олиб борилган археологик қазишмалар натижасида бу ерда топилган 20 та қабрга эга бўлган даҳма Ўрта Осиёда маълум бўлган сағаналардан серҳашамлиги ва катталиги билан ажралиб туради.
Мақбара Амир Темур мақбараси каби ҳилхона ва зиёратхонадан иборат қилиб қурилган. Бироқ ушбу мақбаранинг темурийлар даври бошқа обидаларидан фарқи шундаки, унинг гумбази остида иккинчи қават ҳам жойлашган. Мақбара ҳилхонаси Амир Темур мақбараси сингари 8-9 диаметрдан иборат бўлиб, саккиз бурчакли қилиб қурилган ва томи яхши сақланган. Хилхонадаги қабрлар сақланмаган, сақланган бўлса ҳам турли йилларда хилхонага тушган тупроқ уюмлари остида қолиб кетган бўлиши мумкин. Мақбаранинг биринчи қавати икки ён томонида биттадан қўшимча хоналар мавжуд. Жануби-ғарбий ён томонидаги хона орқали пастга-ҳилхонага тушадиган зинапоя қурилган. Ҳар икки ён томондаги хоналар орқали мақбаранинг иккинчи қаватига элтувчи зиналар мавжуд. Зиналарнинг умумий сони 4 та. Шунингдек, мақбара кириш пештоқининг икки ён томонларида ҳам биттадан хоналар мавжуд.

Самарқанд музейига раҳбарлик қилган В.Вяткиннинг ёзишича, мақбаранинг гумбази ердан 26,7 метр баландликда, иккинчи қават томидан 7,8 метр баланликда бўлган. Гумбаз барабанининг диаметри унчалик катта бўлмасдан 8,75 метрни ташкил этган. Деворлари бошқа темурийлар даври биноларидан фарқли равишда 2 ғишт қалинликдан иборат қилиб ишланган. Мақбара Султон Хованд Бикага бағишлаб қурилганлигини, кейинчалик мақбарага темурийлар оиласига мансуб аёллар ва болалар дафн этилганлигини инобатга олиб, уни “Ашратхона” деб эмас, “Темурийлар мақбараси” ёки “Султон Хованд Бика” мақбараси деб аташ мақсадга мувофиқдир.
Ёдгорликка оид ягона манба
Ёдгорликка оид ягона вақф ҳужжати ҳақида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳужжатлар фондида маълумотлар сақланган. Унга кўра ушбу вақф ҳужжати ҳижрий 868 йил рамазон ойининг бошида (1463 йил май) ёзилган бўлиб, ҳужжатга бошқа муҳрлар қатори Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳукмдори Абу Саид ибн Султон Муҳаммад ибн Мироншоҳ ибн Амир Темур муҳри ҳам босилган. Ҳужжатда мақбара номи Султон Хованд Бека мақбараси, деб аталган ва Феруза боғининг ғарбий бурчагида Хўжа Абду Дарун мақбараси ёнида Амир Жалолиддин Сухробнинг қизи Ҳабиба Султон Бегим томонидан бунёд этилганлиги кўрсатилган. Мақбарага вақф қилиб Самарқанддан Шаҳрисабзга кетиш йўлида жойлашган Малик саройи қишлоғи ерларининг ярми берилганлиги қайд этилади. Ушбу вақф ҳужжати Самарқанд қозиси томонидан ҳижрий 870 йил шаабон ойида (1466 йил март-апрель) тасдиқланган.
Иккинчи қават нима мақсадда қурилган?
Мақбарада иккинчи қават ҳам мавжуд бўлиб, бундай қурилиш услуби темурийлар даври ва ундан кейин қурилган бошқа мақбараларда учрамайди. Шу жиҳатдан ҳам доим тадқиқотчилар ва сайёҳлар эътиборини тортиб келади. Эслатиб ўтилган вақф ҳужжатида кўрсатилишича, иккинчи қаватда мақбарада дафн этилганлар учун Қуръон тиловат қилувчи қори (вақф ҳужжатида ҳофиз деб келтирилган), назоратчи ва хизматчи қўним топган. Қори йилига 364 фулус ва Самарқанд катта ўлчови билан ҳисоблаганда 192 пуд ғалла, назоратчи 404 фулус ва 160 пуд ғалла, хизматчи 204 фулус ва 192 пуд ғалла маош билан таъминланган. Ушбу маблағлар мақбара учун ажратилган Малик сарой қишлоғи ерларидан келган даромад ҳисобига қопланган. Иккинчи қават томи устида бизгача етиб келмаган баланд гумбаз қад ростлаган.
Мақбаранинг кейинги тақдири
Ёдгорликнинг харобага айланиши ХVI асрдан бошланади. ХV аср охири – ХVI аср бошларида Ўрта Осиёда рўй берган воқеалар туфайли ҳокимият темурийлардан шайбонийлар ихтиёрига ўтади ва шу даврдан бошлаб мақбарага бўлган эътибор пасая бошлайди. ХVII асрда ёдгорликдаги қабр тошлари унга узоқ бўлмаган Абду Дарун қабристонига кўчирилиб, эски ёзувлари ўчирилади ва ўрнига янгилари ёзилади.

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган Россия императорининг археология комиссияси архиви нусхаларидан маълум бўлишича, XIX аср иккинчи ярмида мақбаранинг аҳволи янада оғирлашади. Мақбара кошинлари Самарқандга келган хорижликлар томонидан Амир Темур давлати пойтахтидан эсдалик сифатида қўпориб, олиб кетила бошланади.
Айни пайтда чор маъмурлари мақбара тақдирига бефарқ муносабатда бўлганлиги ўша давр манбаларидан маълумдир. Самарқанднинг бошқа ёдгорликлари Оқсарой, Чилдухтарон, Ҳазрат Хизр масжиди қатори Султон Хованд Бека мақбараси ҳам эътибордан четда қолиб, борган сари тўкилиб, харобага айланиб бораётганди. Ушбу обидаларни муҳофаза этиш, таъмирлаш, консервация қилиш Император археология комиссия рухсати ва ҳохиши билан амалган оширилган. Комиссия эса мақбарани ўз ҳолига ташлаб қўйган эди. Масалан, 1897 йилдаги ер силкиниши вақтида мақбара кучли зарар кўриб, тўртта ҳужраси (хона) қулаб тушади. 1902 йилда эса иккита хона гумбази қулаб тушади ва фақатгина қурилиш фасади сақланиб қолади. Бинонинг қолган қисми ғишт ва цемент уюмидан иборат тепаликка айланади.
Мақбаранинг ўрганилиши
Мақбара ҳақида дастлабки тадқиқотлар немис шарқшуноси, археолог ва санъатшунос Фридрих Сарр (1865-1945) номи билан боғлиқ. Олим турли йилларда Туркия, Яқин Шарқ, Эрон ва Ўрта Осиёда бўлиб, ноёб фотосуратлар йиғади. Ушбу фотожамланма орасида Султон Хованд Бека мақбарасига тегишли суратлар ҳам бўлиб, олим ўзининг фотожамланмасини 1899 йилда Берлинда, 1903 йилда Парижда ўтказилган кўргазмада намойиш этади. Фотожамланмани кейинчалик император Фридрих музейига топширади.
Ўтган асрнинг 20-йилларида Ўзбекистон ҳудудида тадқиқот олиб борган Эрнст Кон-Винер томонидан 1930 йилда Берлинда чоп қилинган “Турон: Ўрта Осиёда ислом меъморчилиги” асарида ҳам мақбаранинг бир неча фотосуратлари келтирилган.
Мақбара турли йилларда ўзбекистонлик олимлар Г.Пугаченкова ва М.Массонлар томонидан ўрганилган. Айниқса, Г.Пугаченкова ўзининг 1976 йилда чоп қилинган “Марказий Осиё XV аср меъморчилиги” асарида асосан темурийлар меъморий ёдгорликларини тадқиқ этар экан, Султон Хованд Бека мақбараси ва Ҳиротда 1438 йилда қуриб битказилган Гавҳаршодбегим мақбараларининг ўхшаш ва фақрли томонларига тўхталган. Шунингдек, мақбаранинг чизмалари олиниб, қурилган вақтдаги ҳолати бўйича илмий хулосаларни илгари сурган.
Америкалик олимлар Л. Голомбек ва Д. Вилберлар ҳам ўзларининг 1988 йилда чоп этилган “Эрон ва Турондаги темурийлар меъморчилиги” асарларида Султон Хованд Бека мақбараси меъморий жиҳатдан Гавҳаршодбегим мақбарасига ўхшаш эканлигини қайд этган. 1457 йилда Ҳиротни қўлга киритган Абу Саид ибн Султон Муҳаммад ўз қизи учун қурилажак мақбара учун Гавҳаршодбегим мақбарасидан андаза олган бўлса ажаб эмас.
2007 йилда мақбарада Германиянинг Потсдам амалий санъат мактаби ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабалари иштирокида доктор Штеффен Лауэ раҳбарлигида тадқиқот олиб борилган. Тадқиқот давомида мақбара деворий суратлари ва сопол қопламаларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида уларда ишлатилган рангларнинг микрокимёвий таҳлиллари олинади. Олинган таҳлилларга таянган ҳолда мақбара деворларидаги безакларда ишлатилган рангларнинг дастлабки ҳолати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мақсадида мақбара девори меъморий безакларининг бир қисми реставрация қилинади.
2009 йилда Германиялик олим Веймар университети Меъморчилик тарихи кафедраси профессори Йенс Йордан томонидан Дрезден университети талабалари учун Самарқандда амалий машғулот ташкил этилади. Машғулот давомида талабалар Султон Хованд Бека мақбарасини реставрация қилиш ва ундан фойдаланиш муаммолари билан шуғулланишади. Эришилган амалий натижалардан фойдаланиб, мақбарада кичик музей мажмуасини ташкил қилиш лойиҳасини ишлаб чиқадилар. Хусусан, муҳандислик коммуникациялари ва кўргазма биноларини жойлаштириш орқали мақбаранинг Садриддин Айний кўчасига яқин қисмини транспорт шовқинидан тўсиш, бу жойда дам олиш муҳитини яратиш учун таклифларни илгари сурадилар. Ушбу тадқиқот натижасида Султон Хованд Бека мақбараси моделлари ва виртуал 3D-тасвирлари билан бир қаторда, бу ерда Самарқанд ёдгорликларини тиклаш тарихи ҳақида доимий кўргазмани ташкил этиш ҳам таклиф қилинган эди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Султон Хованд Бека мақбараси азалдан сайёҳлар, олимлар ва тадқиқотчилар эътиборини тортиб келган. Айни пайтда мақбаранинг том қисми ёпилган, яъни мақбара қисман консервация қилинган. Аммо, бу мақбаранинг музейлаштирилганлигини англатмайди. Содда қилиб айтганда, росмана музейда сайёҳлар учун қандай қулайликлар ва хизматлар мавжуд бўлса, ушбу мақбарада ҳам шундай шароитларни яратиш зарур. Мақбара меъморий ечимлари нуқтаи назаридан, нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки Марказий Осиёда ҳам ягона иншоот бўлиб, мақбарани музейлаштириш нафақат уни сақлаб қолишда, балки, Самарқандга сайёҳлар ташрифини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
ЎзА