Самарқанддаги 64 маҳаллада сайлов ўтказилди
Мамлакатимизда 16 май кунидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Бу галги сайловда Самарқанд вилоятидаги 1126 маҳалла фуқаролар йиғинида раис сайланади.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг шу йил 16 мартдаги қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. Шунингдек, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланган эди.
Ўтган икки ой мобайнида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонуни ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, жойларда ушбу жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилди, сайлов билан боғлиқ дастлабки чора-тадбирлар амалга оширилди. Вилоят, туман ва шаҳар кўмаклашувчи комиссиялари, маҳаллалардаги ишчи гуруҳлар ўз ваколатлари доирасидаги тадбирларни амалга оширди.
[gallery-7113]
Раисликка номзодлар танланди, вакиллар йиғилишида иштирок этадиган сайловчилар сони аниқланди. 16 майдан асосий жараён – раисларни сайлаш бошланди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Самарқанд вилояти комиссиясининг маълумотига кўра, дастлабки кунда 64 та маҳалла фуқаролар йиғинида овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Жумладан, Жомбой тумани Каттақишлоқ маҳалласида ўтказилган сайловда маҳалла раислиги учун уч нафар номзод вакиллар йиғилишига келганларни ўз дастури билан таништирди.
– Амалдаги тартиб асосида кўча ва гузарларда ўтказилган йиғилишларда маҳаллада обрў-эътиборга эга, қонунчиликда белгиланган талабларга мос номзодлар танланган эди, – дейди Каттақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раиси Бунёд Шодиев. – Кейин номзодлар юзасидан туман ҳокимлигининг хулосаси олинди. Шу асосида бугун вакиллар йиғилишига таклиф этилган 558 нафар сайловчининг 379 нафари овоз беришда қатнашди. Овоз бериш натижаларига кўра, амалдаги раис Башорат Шамсиева энг кўп – 230 та овоз билан навбатдаги муддатга маҳалла раислигига сайланди. 215 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд Самарқанд шаҳрида ҳам бугун овоз бериш жараёнлари бошланди. Жумладан, “Нурли келажак” маҳалласида ўтказилган сайловда 3200 нафардан ортиқ сайловчининг 328 нафар вакиллари йиғилишда иштирок этди. Улар раисликка икки нафар номзоднинг дастури билан танишди. Сайлов натижаларига кўра, овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг 80 фоиз овозини тўплаган амалдаги маҳалла раиси Комил Давронов раисликка қайта сайланди.
– Маҳалладошларга номзодимни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдираман, – дейди Комил Давронов. – Ушбу масълиятли вазифани яна қайта ишониб топширишган экан, ишончни оқлаб бор куч ва билимимни маҳалламиз ободлигини таъминлашга, ҳудудни ривожлантиришга сарфлайман.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА