Бугун бутун мусулмон оламида бўлгани сингари юртимизда Қурбон ҳайити байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига асосан, жоме масжидларида ҳайит намози ибодатлари адо этилди. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 285 та масжидда ҳайит намози ўқилиши режалаштирилиб, уларда намозхонлар учун зарур шарт-шароит яратилди.
Самарқанд шаҳридаги "Намозгоҳ" масжидида ҳайит намозида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло Сатторов иштирок этиб, вилоят аҳлини Қурбон ҳайити билан табриклади.
[gallery-17889]
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган байрам табригидаги эзгу тилаклар, ҳароратли дил сўзлари яна бир бор ёдга олинди. Айни пайтда самарқандлик минг нафарга яқин юртдошимизнинг Саудия Арабистонида муборак ҳаж зиёратини амалга ошираётгани қайд этилди.
Намоз якунида юртимиздаги тинчлик барқарор бўлиши, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинди.
Байрам арафасида вилоятда ҳокимликлар, саховатпеша кишилар томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Бу хайрли юмушлар бугун ҳам давом этади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари