Самарқанддаги 285 масжидда ҳайит намози ўқилади
Саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи якунига етмоқда. 30 март куни бутун мусулмон оламида бўлгани каби юртимизда ҳам Рамазон ҳайити кенг нишонланади.
Бу ҳақда кеча давлатимиз раҳбарининг қарори эълон қилинди. Қарорда маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар, ташкилотларга Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди.
Самарқанд вилоятида ҳам Рамазон ҳайитини юқори савияда ва тартибли ташкил этишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
– Яратганга беадад шукроналар бўлсин, Аллоҳ назар қилган юртимизда бу йилги Рамазон ойи миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда, халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат фазилатлари тўла намоён бўлган ҳолда ўтмоқда, – дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон Алимов. – Ушбу муборак ой бошланиши арафасида қабул қилинган Президентимиз қарорида белгиланганидек, ой давомида эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўчат экиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятимиздаги барча маҳаллаларда бу эзгу ишлар давом этмоқда. Рамазон ойининг фазилатлари амалларидан бўлган таровеҳ намозлари 286 жомеъ масжидида ўқилди ва уларнинг 198 тасида Қуръон хатм қилинди. Бу масканларда ибодат амалларини тўла-тўкис адо этиш учун барча зарур шарт-шароит яратилди. Саховат ва меҳр-мурувват тадбирлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Имом-хатиблар бошчилигида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 5400 дан ортиқ кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга 3 миллиард 250 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва турли миллат вакиллари таклиф этилган ҳолда 200 дан ортиқ хайрия ифторлик маросимлари ўтказилди. 25 март куни давлатимиз раҳбари иштирокида бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторлик маросими Самарқандда ҳам юқори савияда ташкил этилиб, 16 туман ва шаҳарларимизда эҳсон дастурхонлари ёзилди.
Вилоят бош имом хатибининг маълум қилишича, бу йил Самарқанддаги 285 та масжидда ҳайит намози ўқилиши кўзда тутилган. Айни пайтда бу масжидларнинг ҳолати тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, ҳайит намозига келувчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратилмоқда, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
– Байрамни юқори савияда, тартибли ва хавфсизлик таъминланган ҳолда ўтказиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва маҳалла раислари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон Алимов. – Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли кўрсатмалари асосида ҳайит намози ўқиладиган масжидлар имом-хатибларига зарур тавсиялар берилди. Намоздан кейин ибодат аҳли учун қисқа маърузалар, дуолар ва насиҳатлар ўтказилиши режалаштирилган. Шу кунларда эса масжидларда “Ҳайит – бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик байрами” мавзусида маърифий суҳбатлар ўтказилмоқда. Байрам кунларида йўқлаш учун имконияти чекланганлар, қариялар ва беморлар учун ҳайит табриклари тайёрлаб қўйилди.
Рамазон ҳайити – эзгулик ва бирдамлик байрами. Аллоҳ таоло бу муборак кунларни юртимизга файзу барака, осойишталик ва фаровонлик олиб келувчи байрамлардан қилсин.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири