Самарқандда ёшлар фестиваллари ўзига хос ўтмоқда
Ёшлар ойлиги муносабати билан шу кунларда Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестиваллари ўтказилмоқда.
Тадбирлар эрта тонгда “Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам” юриш марафони билан бошланиб, кун давомида интеллектуал ўйинлар, турли танлов ва спорт мусобақалари, уч авлод учрашувлари, мушоиралар ва концерт дастурлари билан давом этмоқда. Тадбирлар якунига гала-концерт уюштирилиб, фаол ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар рағбатлантирилмоқда.
Жумладан, Қўшработ туманида ўтказилган фестивалда шу тумандаги ёшлардан бири Бастам Абдуғаниевга Мустақиллик маҳалласида қурилган кўп қаватли уйдан икки хонали хонадон совға қилинди.
– Отам оламдан ўтган, онамнинг қарамоғидан ҳам маҳрум бўлганман, – дейди Б.Абдуғаниев. – Уй-жойим йўқ эди. Ёшлар куни олдидан кутилмаганда менга янги хонадон совға қилинди. Жуда ҳам миннатдорман.
[gallery-12319]
Яшаш учун барча шароитлари мавжуд бу уйда оила қуриб, орзу-умидларимга эришаман. Булунғур туманида ташкил этилган фестиваль доирасида “Фозил Йўлдош издошлари” танлови ўтказилди. Унда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар бахшичилик бўйича ўз маҳоратини кўрсатди.
– Танловда маълум бўлдики, туманимизнинг фахри бўлган бахши бобомиз Фозил Йўлдош изидан борадиган ёшлар кўп экан, – дейди республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Акмал Тўраев. – Ҳар бир иштирокчининг чиқиши таниқли бахшилар томонидан баҳоланди. Айниқса, энг ёш иштирокчи, танловда иккинчи ўринни эгаллаган 18-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Асилбек Набиевнинг дўмбира чертиши, термалар куйлаши кўпчиликни ҳайратлантирди.
Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласида Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган фестивалда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, профилактик ҳисобда турган ёшлар иштирок этди. Ҳарбий оркестр ва самарқандлик санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга хуш кайфият улашди. Шунингдек, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Бу йилги ёшлар ойлиги доирасида ўтказиладиган касблар фестивали – ҳунармандчилик, қандолатчилик, ошпазлик йўналишларидаги танловларнинг республика босқичи ҳам бугундан Самарқандда бошланди.
15-16 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида вилоят ёшлари фестивали ўтказилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА