Самарқандда янги бунёдкорлик иншоотлари ва маърифат масканлари қудрати уйғунлашмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Анъанага кўра, давлатимиз раҳбари дастлаб Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуолар қилинди.
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига мажмуадан самарали фойдаланиш, унинг туристик салоҳиятини янада ошириш, Имом Бухорийнинг бой илмий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш орқали ислом маърифати ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди.
Мамлакатимиз етакчиси бу ишларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
– Бу улуғ зот бизга бутун илмларини, билимларини мерос қилиб қолдирганлар. Биз шу илмларни давом эттирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.
Мен ўзим ҳам ҳар сафар улуғ бобомизни зиёрат қилганимда, халқимиз ҳаётига барака берсин, бири икки бўлсин деб дуо қиламан.
Биз улуғларимиз меросини асраш ва тарғиб қилиш йўлида ҳали кўп ишлар қиламиз. Бутун дунёдан одамлар Ўзбекистонга келиб, Ислом цивилизацияси марказини, Имом Бухорий мажмуасини кўриши, зиёрат қилиши учун шароит яратамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз ташаббуси билан янгидан бунёд этилган мажмуа ислом оламининг муқаддас қадамжоларидан бири сифатида доим маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар билан гавжум. Комплекс аввал бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир бу рақам 65 мингдан ортиқни ташкил этади.
Мажмуа таркибидаги 10 минг кишилик масжид, улкан мақбара, ҳар бирининг баландлиги 75 метр бўлган тўрт минора, мовий гумбазлар иншоотга ўзгача улуғворлик бахш этиб турибди. Илғор ахборот технологиялари асосида ташкил этилган инновацион музейда муқаддас динимиз тарихи, пайғамбарлар ҳаёти, Имом Бухорийнинг муҳаддислик фаолияти кенг ёритилган, ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда.
Айни пайтда мажмуада зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит, халқаро стандартларга мос сервис йўлга қўйилди. Зиёратгоҳ ҳудудида 20 дан ортиқ замонавий меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Ҳазрати Ҳизр мажмуасига бориб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.
Қуръон оятлари тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қорадарё устидан ўтувчи кўприк қурилиши жараёни билан танишди.
Ушбу йирик иншоот транспорт оқимини самарали ташкил этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларни камайтиришга қаратилган. У янги барпо этилаётган “Ширин” массивини Самарқанд шаҳри ҳамда халқаро аэропорт билан боғлайди.
Лойиҳа қиймати 310 миллиард сўм бўлган кўприкнинг узунлиги 780 метр, кенглиги 29,8 метр, баландлиги эса 12 метрни ташкил этади. Қатнов қисми 4 тасма, кунига 25 мингтагача транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади.
Янги объект фойдаланишга топширилгач, Ширин шаҳарчасидан марказгача бўлган масофа 23 километрдан 4 километрга, йўлга кетадиган вақт эса 30 дақиқага қисқаради.
Давлатимиз раҳбарига лойиҳанинг техник ечимлари ва транспорт оқимини бошқариш имкониятлари ҳақида ахборот берилди.
Шу ерда фаоллар билан суҳбат бўлди.
– 2016 йилда Ўзбекистонга бор-йўғи 1 миллион 200 минг турист келарди. Ҳозир бир йилда 5 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Қачон биз бундай натижаларни тасаввур қилардик? Албатта, бугун дунё рақобат асосида ривожланяпти. Биз ҳам бу рақобатда ўз ўрнимизни мустаҳкамлашимиз керак.
Лойиҳаларни тўғри ишлаб чиқсак, логистикани оқилона ташкил этсак, харажатларни қисқартирамиз, одамларимизнинг узоғини яқин қиламиз. Ахир бу шаҳар одамлар учун-ку!
Мана шу кўприк менинг орзуларимдан бири эди. Бугун бу орзу рўёбга чиқди, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари шаҳар одамлар учун хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги фикрини давом эттириб, ҳар бир инсоннинг халқ ва юрт олдидаги масъулиятига тўхталди.
– Куни кеча нутқимда ҳам “ўз”, “ўзимиз”, “ўзлигимиз”, “ўзимизники” деган сўзларга қайта-қайта урғу бердим. “Мен ўзбекистонликман, халқим учун ҳаракат қиламан, халқим учун ўқийман, эртанги куним учун изланаман” деган ғоялар руҳида яшашимиз керак.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили юртимизда Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Чокардиза қабристони ҳудудидаги мажмуани қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган эди.
Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда зиёратчилар учун янги масжид барпо этилди. Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний мақбаралари тўлиқ реконструкция қилинди. Мажмуа таркибида аллома меросини чуқур ўрганишга мўлжалланган илмий марказ, кутубхона ва музей ташкил этилди.
Президентимиз ушбу илм масканларининг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бундай илм ўчоқларини ташкил этишдан мақсадимиз – буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва ёшларимизга етказиш. Бизга бугун бу илм жуда керак. Бу ерда қанча ёшларимиз Мотуридий бобомизнинг минг йил олдин ёзган асарларини ўрганади. У зот минг йил олдин ҳар бир масалани чуқур илм ва аниқ далиллар билан асослаб, одамларни жаҳолатдан огоҳлантирганлар. Ушбу асарларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимизга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Зиёратгоҳнинг кириш қисмида пештоқ, ташриф буюрувчилар учун меҳмонхоналар ва автотураргоҳ барпо этилди. Мажмуа ҳудудига маҳаллий ҳамда юртимиз иқлимига мос хорижий дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Алломалар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари мажмуага келган инсон Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий мероси ва ислом оламидаги ўрни ҳақида тасаввурга эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор. Одамлар бу ерга келиб, нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари 19 октябрь куни Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишида иштирок этади ҳамда “Марказий Осиё – АҚШ” (C5+1) мулоқоти доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА махсус мухбирлари