Самарқандда “Yandex Uzbekistan” дастурлаш мактаби очилди
“Yandex” дастурлаш мактаби 14-17 ёшдаги мактаб ўқувчилари учун ишлаб чиқилган Python тилида дастурлаш асосларини ўрганиш бўйича халқаро лойиҳадир. Мазкур лойиҳа илк бор 2023 йилда Тошкентда ўз ишини бошлаган.
Самарқанддаги мактабда илк дарслар бўлиб ўтди. Бу ерда кундузги таълим жорий қилинган бўлиб, машғулотлар “Wepro” мактаби негизида ҳафтада икки марта ярим соатдан ўтказилади.
“Yandex Uzbekistan”компанияси ходимларининг сўзларига кўра, лойиҳада иштирок этиш мутлақо бепул. Кириш имтихонларининг натижаларига кўра, 14 нафар бола мактабга ўқишга қабул қилинган. Уларнинг ҳаммаси маҳаллий мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ҳисобланади.

– Келажак авлод ривожланиши ва таълимига йўналтирилган инвестиция давлат ва бизнес ҳамкорлиги амалга оширилаётган ишларнинг муҳим қисмидир. Дастурлашни ёшлик чоғидан бошлаб ўрганиш Ўзбекистон ёшларининг келажакдаги муваффақияти ва уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш гаровидир, – дея изоҳ берди Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.

– Ушбу лойиҳа туфайли талабаларимиз замонавий ресурслар ва амалий тажрибадан фойдаланган ҳолда экспертлардан таълим олиш имкониятига эга бўлади. Ишончимиз комилки, бу борадаги шериклик кўплаб ёш мутахассисларга IT соҳасида илк қадамни ташлаш ва минтақанинг рақамли ривожланишига ёрдам беради,– дейди “Wepro” IT –мактаблар тармоғи асосчиларидан бири Шахзодбек Ҳомидов.
2024 йилда Урганчда ҳам дастурлаш мактаби ишга туширилганлигини қайд этиш даркор. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Yandex Go” компанияси кўмагида амалга оширилган.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА