Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда ФҲДЁ соҳасида йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторовнинг қайд этишича, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида 12513 нафар ўғил, 11503 нафар қиз туғилгани қайд этилган.
Энг кўп туғилиш Самарқанд (7978 нафар) шаҳри ва Ургут (2820 нафар ) туманига, энг ками Нуробод (453 нафар) ва Тойлоқ (517 нафар) туманларига тўғри келган.
Ушбу даврда вилоят бўйича 5188 та никоҳ расмийлаштирилган. Бу никоҳларнинг 60 таси чет эл фуқаролари билан тузилган. Никоҳлар Ургут тумани (846 та), Самарқанд шаҳри (572 та) ва Пастдарғом (505 та) туманида энг кўп, Каттақўрғон шаҳри (112 та) ва Қўшработ туманида (113 та) энг кам қайд этилган. Шунингдек, 1135 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган.
Ўтган йилнинг мос даври билан қиёслаганда туғилиш 1214 нафарга, никоҳ 107 тага, ажрим эса 8 тага камайган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири