Самарқандда тез тиббий ёрдам сифати ошмоқда
Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиалига 15 та замонавий тез тиббий ёрдам автомашинаси топширилди.
Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллиштириш тўғрисида”ги қарори асосида тез тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, марказ автопарклари замонавий ва ҳар томонлама қулай транспорт воситалари билан таъминланмоқда.
- Президентимизнинг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш вазирилигининг саъй-ҳаракати билан филиалимизга яна 15 та замонавий тез тиббий хизмат автомашинаси берилди, - дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилоят филиали директори ўринбосари Бекзод Элчиев. – Шу кунгча қарор асосида филиалимизга 52 та янги автомашина топширилганди. Бугунги кунда автопаркимиз 440 дан ортиқ автомашинага хизмат кўрсатиб келяпти. Бу транспорт воситаларининг 70 фоизини янги автомашиналар ташкил қилади. Белгиланган чора-тадбирларга асосан 2025 йилда яна 50 та замонавий автомашина олиб келинади ва 2026 йилга бориб барча тез тиббий автомашиналаримиз тўлиқ замонавийларига алмаштириб бўлинади.
[gallery-15263]
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан филиалда ҳам Тошкент шаҳри мисолида марказлашган Call маркази ташкил қилиниб, тез тиббий ёрдам тўлиқ марказлашган ҳолда амалга ошириб келинмоқда. Тиббий ускуна ва техникалар ҳам замон талабларига мос ҳолатга келтирилиб, хизмат сифати ошиб бормоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари