Самарқандда такрорий мурожаатлар кўпайди
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг кеча ўтказилган навбатдаги сессиясидаги ахборотида қайд этди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят фуқароларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига 76796 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 4929 тага кўп демакдир. Мурожаатларнинг 54739 таси қаноатлантирилган, жумладан, 28421 таси ёки 38 фоизи ижобий ҳал этилган. Ўтган йил ижобий ҳал этилган мурожаатлар 82 фоиз бўлган.
Жойларда мурожаатларга юзаки ёндашув ва чуқур ўрганмаслик оқибатида қатор туман ва шаҳарларда кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш даражаси жуда паст бўлмоқда. Масалан, бу кўрсаткич Пахтачи туманида 27 фоизни , Тойлоқ, Қўшработ ва Пастдарғомда 31, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларида 32 фоизни ташкил этмоқда.
– 2021 йилнинг мос даврига нисбатан мурожаатлар сони беш туман ва шаҳарда камайган бўлса, Оқдарё, Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Пайариқ, Паст Дарғом, Пахтачи, Самарқанд туманларида кўпайган, – деди М.Турдиев. – Ачинарлиси, мурожаатларнинг 8127 таси такрорий бўлиб, ҳудудлар кесимида Самарқанд шаҳрида 1018 тани, Паст Дарғомда 807 та ва Пайариқда 736 тани ташкил этган. Аввалги йилнинг олти ойида такрорий мурожаатлар 1877 та бўлганини эътиборга олсак, давлат органлари ва мутасаддилар аҳоли мурожаатларига муносабатни ўзгартиришлари лозим.
– Нафақат Халқ қабулхоналари, балки Президентнинг виртуал қабулхонаси ва сайёр қабулларда ҳам такрорий мурожаатлар бўлаётганини кузатяпмиз, – деди ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдирган вилоят ҳокими Э.Турдимов. - Масалан, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро бир ёки иккита масала юзасидан 968 марта мурожаат қилган.
Бу каби масалаларни ҳар бир сектор раҳбари, керак бўлса, депутат муҳокама қилиши, мурожаатчининг шикояти ўринли бўлса, унга ёрдам бериши, муаммосини ҳал этиши шарт. Ноўрин бўлса, қарор қабул қилиб, асослантирилган тарзда рад этиши, фуқарога мурожаати юзасидан тушунчалар бериши лозим Жорий йилнинг 20-23 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси томонидан вилоят туман ва шаҳарларида ўтказилган оммавий сайёр қабуллар давомида аҳолидан тушган мурожааатларни кўриб чиқиш бўйича берилган топшириқлар ижроси айрим ташкилот ва корхоналар томонидан таъминланмаган.
Мисол учун, Иштихон тумани Бедай қишлоғида яшовчи фуқаро Н.Очилова набирасини даволатишда моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати Иштихон туман ҳокимига топширилган. Туман ҳокими томонидан “мурожаат ўрганиб чиқилди, тиббий хизматлар кўрсатилди” дея жавоб берилган бўлса-да мурожаатчи билан боғланилганда масала ижобий ҳал этилмаганлиги аниқланди.
Каттақўрғон тумани, Муллакўрпа маҳалласида яшовчи М.Насимованинг яшаш шароити оғирлиги сабабли уй-жойини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатига ҳам туман ҳокимлиги оилавий ҳолати ҳисобга олиниб, “Аёллар дафтари” учинчи босқичига киритилганлиги ва уй-жойини таъмирлашда босқичма-босқич ёрдам берилиши тўғрисида юзаки жавоб хати бериш билан кифояланган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА