Самарқандда халқ таълими вазирлиги ва Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан «Баркамол авлод болалар мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш омиллари» мавзусида республика форуми ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларни таҳлил этиш, бу борада келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган тадбирда халқ таълими вазирлиги, Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ходимлари, Бухоро шаҳар The Knowledge Academy хусусий мактаби ҳамда республика, вилоят, туман (шаҳар) «Баркамол авлод» болалар мактаблари раҳбар ва педагоглари иштирок этмоқда.
Форумнинг ялпи мажлисида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева ва бошқалар кейинги йилларда халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш ва самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бу борада «Баркамол авлод» болалар мактаблари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, инновацион ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш, мактаблар фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Ялпи йиғилишдан сўнг форум шўъба мажлисларида давом этди. Бу мажлислар тренинг шаклида ташкил этилиб, уларда «Баркамол авлод» болалар мактабларини мазмунан ва моддий ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жумладан, «Баркамол авлод» болалар мактабларида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш тартиби, мактабларни ривожлантириш, тарғиботини кучайтириш ва пуллик хизмат турларини йўлга қўйиш, раҳбар ва педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги механизмлари, тўгарак раҳбарлари ва услубчиларни методик қўллаб-қувватлаш, раҳбарларнинг менежерлик қобилиятларини ривожлантириш омиллари ҳақида сўз юритилди.
Форум қатнашчилари Самарқанд вилояти «Баркамол авлод» болалар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА