Самарқанд шаҳрида Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ишлаб чиқишга доир Марказий Осиё ёшлар экологик форуми ўтказилмоқда.
Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон экофаолларининг 60 нафардан зиёд етакчиси иштирок этмоқда.
1-5 октябрга мўлжалланган тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари, «Замин» халқаро жамоат фонди, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТ тараққиёт дастури ва ФАО кўмагида ташкил этилган.
Экооромгоҳ иштирокчилари учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Меҳмонлар тарихий-маданий ёдгорликлар, "Боқий шаҳар" маркази ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилишди.
Таъкидлаш лозим, мазкур тадбир Бирлашган Араб Амирликларидаги СОП 28 – Иқлим ўзгариши бўйича конвенция иштирокчилари конференцияси муносабати билан ўтказилмоқда.
[gallery-13841]
Унда ёшларнинг иқлим ўзгаришларига қарши курашишдаги ролини эътироф этиш, ёш экофаолларга экологик таклиф ва ташаббусларни илгари суриш учун платформа яратиш ҳамда Марказий Осиёда ёшлар экологик ҳаракатини интеграция қилиш кўзда тутилган.
Тадбир доирасида халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва Марказий Осиё стратегияси бўйича муҳокамалар ташкил этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА