Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида илк бор 61 ёшли беморда суяк кўмиги кўчириб ўтказилди.
Гематопоэтик суяк кўмиги шикастланган ҳужайралар ўрнига ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш орқали амалга ошириладиган мураккаб жарроҳлик амалиёти бўлиб, шу пайтгача асосан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида ва хориждаги клиникаларда бажарилган.
Кейинги йилларда нафақат марказ, балки вилоятлардаги тиббий муассасаларнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши ва моддий-техник базаси мустаҳкамланиши натижасида бундай ноёб операцияларни ҳудудлардаги шифохоналарда ва республика ихтисослашган тиббий марказларнинг филиалларида ҳам амалга ошириш имконияти яратилди.
– Муассасамизда ўн миллиард сўм бюджет маблағи ҳисобидан иммуногенетика, молекуляр ва цитогенетик лабораториялар ташкил этилиши, замонавий жиҳозлар олиниши мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш имкониятларини кенгайтирди, – дейди Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Лутфулла Маҳманов. – Бунинг натижасида ҳозир буйрак, жигар трансплантацияларини муваффақиятли амалга оширяпмиз. Эндиликда суюк кўмиги кўчириб ўтказиш амалиётини ҳам бажаришни йўлга қўйдик. Илк беморимизда онкологик гемопоэтик ўзак ҳужайраси трансплантацияси яхши ўтди ва ҳозир беморнинг ҳолати жуда яхши.
Дастлабки операцияни марказ мутахассислари пойтахтлик шифокорлар билан ҳамкорликда бажаришди. Бу мураккаб амалиёт учун маблағ ижтимоий суғурта орқали тўлаб берилди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида, айниқса, саратон хасталигини даволашда муҳим янгиликлар рўй бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, – дейди Анқара онкология таълим ва тадқиқот шифохонаси профессори Фейзи Алтунташ. – Жумладан, кимётерапия, нуртерапия, дори-дармонлар билан даволаш самарали йўлга қўйилган. Шу пайтгача фақатгина Тошкентда бажарилган илик кўчириш операциясининг вилоятлардаги тиббий марказларда ҳам ўтказилаётгани ва бу жараён Самарқандда муваффақиятли ўтгани юртингизда тиббиётнинг яхши ривожланаётганидан далолат беради.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири